Аввал хабар қилинганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида иштирок этмоқда.
– Ўтган 8 ой мобайнида “ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди;
– “темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди;
– бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши керак. Бу ҳамма жойда, ўзгармас қоидага айланиши зарур;
– Ёшларни иш билан таъминлаш, зарур касб-ҳунарларга ўргатиш учун жойларда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари масъул ва жавобгардир;
– бу йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди;
– касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун 6 ой давомида 500 минг сўмдан субсидия бериш жорий этилгани ёшлар ва уларнинг ота-оналар учун катта рағбат бўлди;
– бундан ташқари, ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар талабага ойлик ижара тўловининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш бошланди;
– бу йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ўғил-қизнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди;
Ҳудудларда ташкил этилган 186 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”даги 3 мингта лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 50 мингта янги иш ўринлари яратилди.
ЎзА