Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида соҳа масъулларига қатор вазифалар, тегишли топшириқлар берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси ҳудудларда қандай таъминланмоқда? Вилоятда маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарали йўлга қўйилганми? Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи 2-5 апрель кунлари Қашқадарё вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги 16 та туман-шаҳар Маънавият ва маърифат кенгаши, 28 та мактаб, 14 та ахборот-кутубхона маркази, 12 та маданият маркази, 2 та театр, 11 та истироҳат боғи, 32 та идора ва корхоналарнинг маънавий-маърифий ишлар ҳолати таҳлил қилинди.
Қашқадарё вилояти ҳокимиятида мазкур ўрганиш натижалари юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ва Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Муроджон Азимов, туман маънавият ва маърифат кенгаши раислари, соҳага масъул ходимлар иштирок этди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ўрганиш натижалари бўйича танқидий-таҳлилий фикрларини билдирди, масъулиятсизликнинг оқибати эртамизга таъсир қилишини айтиб, ўрганиш натижаларида кўрсатилган камчиликлар аввало, соҳа ривожи учун муҳимлиги, муаммоларни беркитиш эмас, уни ҳал қилиш, ечим топиш асосий мақсад бўлиши кераклигини таъкидлади.
Айрим туман Маънавият ва маърифат кенгашлари томонидан ўтказилган йиғилишларга жиддий ёндашилмагани, ижтимоий-маънавий муҳит таҳлили йўқлиги, маърифий ишларга етарлича эътибор қаратилмаган, соҳага оид вазифалар ижроси қўл учидагина бажарилгани танқид қилинди.
Таъкидланишича, аниқ мақсадга қаратилган ўрганишлар эса олиб борилмаган. Ижтимоий-маънавий муҳит таҳлили мавжуд эмас.
Бир қатор туман ҳокимликлари томонидан орттирилган маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан маънавий-маърифий ишлар учун умуман маблағ ажратилмаган. Бу билан маърифат масаласига жиддий қаралмагани, соҳага масъул экани ҳам унутилган гўё.
Соҳага бундай масъулиятсизлик билан қараган масъул раҳбарлар огоҳлантирилиб, интизомий жазо чоралари кўрилди.
Йиғилишда асосий эътибор ўрганиш натижаларида аниқланган камчиликларни кўрсатиш, муаммоларни таҳлил қилиш, ижро масъулиятини ошириш, ечимини кутаётган масалалар юзасидан таклифлар беришга қаратилди, деб хабар бермоқда Республика маънавият ва маърифат марказининг ахборот хизмати.
Н.Усмонова,
ЎзА