Президент топшириғи амалда: сув келтирган – элда азиз
Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган бешта энг муҳим вазифани алоҳида қайд этган эди. Жумладан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Аслида, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг катта ҳаётий эҳтиёжлардан бири ҳисобланади. Самарқанд вилоятида ҳам аҳолининг ана шу эҳтиёжини қондириш мақсадида биринчи навбатда олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Биргина 2022 йилда 307 миллиард сўм маблағ айнан ушбу йўналишга ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан вилоят бўйича 687 километр ичимлик сув ва оқова тармоқларини қуриш, 80 та сув иншоотида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижасида вилоят бўйича 58 мингга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади, 135 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади ва аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 65,6 фоиздан 70,5 фоизга, оқова суви билан таъминланиш даражаси эса 15 фоиздан 18 фоизга етади.
Шунингдек, вилоят аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал этиш ва тизимда юзага келаётган носозликларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 48,5 километр сув тармоғи тортилиб, 48 та ичимлик сув носослари янгисига алмаштирилди. Бунинг самарасида 5 минг нафардан ортиқ аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланиб, 3 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
Нуробод тумани вилоятнинг энг чекка ва олис ҳудудларидан саналади. Жорий йилда туманда 11 миллиард сўмлик 5 та ичимлик суви иншооти қуриш, 52 километр ичимлик сув тармоғи тортиш режалаштирилган.

– Туманимиз аҳоли масканлари асосан дашт ҳудудда жойлашгани ва тарқоқлиги сабабли тоза ичимлик суви асосий муаммо ҳисобланади, – дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Нуробод тумани филиали раҳбари Аброр Аҳмедов. – Лекин кейинги йилларда бу йўналишга эътибор ошди. Қишлоқларимиз тоза ичимлик суви билан таъминланиб, аҳолини йилларда давомида қийнаб келган масалалар ҳал этилмоқда. Биргина жорий йилда 15 мингдан ортиқ аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Бу билан туманимиз аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши қарийб 60 фоизга етади. Яқинда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий бурғулаш транспорти харид қилдик. Ҳозирда ушбу техника ёрдамида Омондара маҳалласида сув қудуғи қурилмоқда. Маҳаллада 3 километрлик сув тармоғи ҳам тортилади.

Туманда нафақат инвестиция дастурлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан, саховатпеша тадбиркорлар томонидан ҳам аҳолининг тоза ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, йил бошидан буён Анжирли, Бошқудуқ, Жом маҳаллаларида тадбиркорлар ҳисобидан 3 та янги сув иншооти қурилиб, 5,5 километрлик тармоқлар тортилди. Натижада ушбу маҳаллаларнинг минг нафардан зиёд аҳолиси илк бор тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. Бундай савобли ишлар айни пайтда Сарикўл маҳалласида ҳам давом эттирилмоқда.
– Шу пайтгача қишлоғимиздаги 70 та хўжалик – 400 нафардан ортиқ аҳолини ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди, – дейди сарикўллик Ибодулло Муродов. – Мана энди бир неча йиллик муаммомизга ечим топилди, 3,4 километрлик ичимлик сув тармоғи тортилмоқда.
Туманнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаролар ҳам бир неча йиллик орзулари ушалганидан хурсанд. Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан қилган мурожаатлари эътиборсиз қолмади. Давлат инвестиция дастури асосида 1 миллиард 240 миллион сўм маблағ йўналтирилиб мазкур қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик сув билан таъминланди.

– Бизнинг Иброҳим ота қишлоғимиз аҳли учун бу мўъжизадек туюлмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Жумабой Кенжаев. – Бизда ҳам артезан қазилиб, хонадонларга ичимлик суви қувурлари тортилишини орзу қилардигу бу амалга ошадими-йўқми, деб ишонмасдик. 6-7 километр олисдан сув ташиб келардик. Жуда оғир эди-да. Шукр, энди у кунлар ортда қолди.
Жойларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни халқимиз ҳаёт тарзи ва сифатини янада яхшилаш, юртимизда инсон қадри учун тамойили асосида кечаётган эзгу ишларнинг амалий ифодаси, дейиш мумкин.
Ғ.Ҳасанов,ЎзА