Президент топшириғи амалда: Ромитанда марказ очилди
Бухоро вилояти Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси таркибида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази иш бошлади.
Марказнинг қурилиш ишлари учун 8 миллиард сўм маблағ сарфланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган 9 миллиард сўмга марказ замонавий жиҳозланди. Мультиспираль компьютер томографияси (МСКТ) аппарати, замонавий рақамли рентген, лапароскоп, видеоэндоскоп, видеобронхоскоп, дефибрильятор, ИБЛ, УЗИ, лаборатория ва гемодиализ аппаратлари келтирилиб ўрнатилди. Бу замонавий ускуналар воситасида 50 ўринга мўлжалланган марказда кунига яна шунча беморга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.

– Марказга келтирилган беморларга замонавий тиббий аппаратуралардан фойдаланган ҳолда юқори технологик операциялар, шу жумладан, юрак-қон томирларига стенд қўйиш амалиёти йўлга қўйилади, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Жамшид Тоҳиров. – Компьютерли томограф ва замонавий рентген аппарати ёрдамида беморларга шошилинч равишда ташхис қўйиш, ўз вақтида юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд. Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази Ромитан, Пешку ва Бухоро туманлари аҳолисига ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади.

Эътиборлиси, туманлараро марказда олий тоифага эга 36 нафар шифокор, 73 нафар ўрта тиббиёт ходими, 30 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият кўрсатмоқда. Туманлараро марказни фойдаланишга топшириш тадбирида Ромитан тумани ҳокими Умид Барноев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фахрий шифокорлар, тиббиёт бирлашмаси ходимлари қатнашди.

Яна бир муҳим жиҳати “А-380” русумли автомагистрал – “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг Ромитан тумани, Газли шаҳарчаси ва “Қизилравот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида турли даражадаги тан жароҳати олаётганларга шошилинч ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тез тиббий ёрдам масканига Президент совғаси реаномобиль автомобили топширилди.


Маълумот учун Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021-2022 йилларда Республика бўйича жами 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш белгиланган.
Зариф Комилов,
ЎзА