Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 март куни Сурхондарё вилоятига сафари чоғида воҳанинг чўл ҳудудларида саксавулзорларни кенгайтириш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Шунга мувофиқ вилоятда 1 минг 500 гектар майдонда саксавулзор барпо этиш режалаштириб олинди.
Мутахассислар фикрича, давлатимиз раҳбарининг бу топшириқларида ҳам чуқур маъно бор. Саксовулзорлар воҳада тез-тез содир бўлиб турадиган “афғон” шамоли номи билан машҳур чанг–тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда муҳим ўрин тутади. Жумладан, 3 йиллик саксовулзор қум кўчишини 55 фоизга, 5 йиллиги 79,5 фоизга камайтиради. Етти йиллик саксовулзорлар қум кўчишини тўлиқ тўхтатади. Шўрхок ер ва сувсизликка чидамли бу ўсимлик илдизи жуда бақувват бўлиб, бир туп саксовул 10 тоннагача қумни мустаҳкамлаб, унинг кўчишига йўл бермайди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш учун Термиз ва Ангор туманлари туташган “Каттақум” массивида саксовул кўчатларини экиш ва уруғини сепиш ишлари бошланди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва кўнгилли табиатсеварлар фаол иштирок этди.
–Саксовулзорлар ернинг устки қисмида қум кўчишининг олдини олиш баробарида шамол тезлигини ҳам сезиларли даражада камайтиради, – дейди Табиат ресурслари вазирлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Р.Сафарова. – Илдизи тупроққа чуқур кириб бориб, горизонтал йўналишда саккиз метргача етади. Шунингдек, ҳаво таркибини яхшилаб, атроф муҳит ифлосланишига чек қўйишда ҳам бу ўсимликнинг алоҳида ўрни бор. Фанда 1 гектар ердаги саксовулзорнинг бир йилда 1 минг 135 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 835 килограмм кислород ажратиб бериши исботланган. Яхши ниятлар билан барпо этилаётган янги саксовулзоримиз ҳам ҳудудда содир бўлиб турадиган чанг-тўзонларга чек қўйиб, бу ернинг атмосфера ҳавосини мўътадиллаштиришга хизмат қилади.
Воҳада янги саксовулзорлар ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикасидан 100 минг туп саксовул кўчати ва 15 тонна уруғи олиб келинди. Тадбир доирасида 10 гектар майдонга 12 мингдан ортиқ саксовул кўчати ўтқазилиб, уруғи сепилди. Воҳада янги саксавулзорлар барпо этиш қизғин давом этмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, Табиат ресурслари вазири ўринбосари Нарзулло Обломурадовлар иштирок этди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА