Бухоро вилоятига 2022 йилда уч ярим миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткични ўн миллионтага етказиш режалаштирилган. Бу ўз навбатида ҳудуд иқтисодий имкониятларининг кенгайишига, иш ўринлари кўпайишига олиб келади. Шу боис, давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида айни шу йўналишда зиёрат туризми учун шароитларни кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини янада ошириш борасида бир қатор кўрсатмалар берган эди.
Ҳудуднинг туризм салоҳияти ҳам сўнгги йилларда бир неча баробарга юксалди. 829 маданий мерос объектлари қайта таъмирланиб ўзгача чирой касб этди. Бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин меҳмонни ўз бағрига оладиган 184 меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилди. Транспорт логистика хизматларини кўрсатиш бўйича янги инфратузилмага асос солинди. Қўшимча йўналишлар пайдо бўлди. Бугунга келиб, Президентимизнинг 10-11 август кунлари берган топшириқлари асосида бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга киришилди. Энди фақатгина зиёрат туризми эмас, гастрономик, экстремал, тиббиёт, саҳро туризми каби йўналишларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ромитан туманидаги Бўронтепа қўрғони ёнида жойлашган сайёҳлар дам оладиган маскан мисолида изоҳлайдиган бўлсак, Варахша массивида жойлашган қадим ёдгорлик бугун туризм ривожида янги саҳифа очганини кўриш мумкин. Эътиборли томони, ўз замонасида қўрғон сифатида фаолият кўрсатган ушбу кўҳна обидани томоша қилиш, чўл шароитида ўзини ўтмишдагидек ҳис этиш учун сайёҳларга яна бир қулайлик тақдим қилинди. Энди меҳмонлар бу масканга вертолётда боришлари, Варахша атрофидаги ёдгорликларни юқоридан туриб томоша қилишлари мумкин.
[gallery-13147]
– Бухоро вилоятида “Bukhara Desert Oasis & Spa” мажмуасида вертолёт турларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқяпмиз, – дейди “UZBEKISTAN HELICOPTERS” МЧЖ раҳбари Сардор Нормуҳаммедов. – Қилинаётган тадбирлар ўз навбатида вилоятга келадиган туризм оқимини янада оширади. Маҳаллий ва чет эл сайёҳлари учун дунё стандартларига жавоб берадиган мукаммал бир маҳсулот беришда ёрдам беради.
Ўтмиш ва бугунни ўзида акс эттирувчи Бўронтепа ёдгорлигини қадимдаги сингари туризм чорраҳасига айлантириш йўналишида ҳам ишлар бошлаб юборилди. X-XI асрларда гуллаб яшнаган маскандан Хоразм ва Самарқанд шаҳарларига вертолёт ва самолёт рейслари йўлга қўйилиши режаси эса яна бир катта янгилик, десак муболаға бўлмайди.
– Президентимиз туризм йўналиши бўйича ишларни жадаллаштириш ва янги-янги мажмуаларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди, – дейди Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев. –Сайёҳлар бир кун эмас уч, тўрт кун қолиб кетиш имконини берувчи янги лойиҳаларни жорий этиш бўйича ғояларни илгари сурдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, вертолёт, самолёт, парашют яъни экстремал туризм бўйича режалар борлигини айтганимизда қўллаб-қувватладилар. Келажакда мана шу ердан ўтувчи Хоразм, Самарқанд чорраҳасини ташкил этиш ниятимиз бор.
Бундай ташаббуслар албатта давлат раҳбари таъкидлаганидек, хизматлар кўрсатиш соҳасининг ўзидаёқ янги иш ўринлари яратилишига асос бўлади. Экспорт кўлами ортади. Бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолият бошлаши учун асос бўлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА