Сурхондарё вилоятидаги Термиз тумани воҳа маркази билан туташ бўлса-да, ўнга яқин маҳалла тоза ичимлик сув муаммосидан азият чекаётган эди. Айрим ҳудудларга сув қувурлари ўрнатилмаган бўлса, баъзиларида артезиан қудуқ сувлари сифати талабга жавоб бермай, шўрланиб қолди.
Президентимиз 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида бу масалани ечиш учун Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласидаги сифатли оби-ҳаёт манбасидан оқилона фойдаланиб, Термиз шаҳри ва Термиз тумани аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.
Ўтган даврда лойиҳани икки босқичда амалга ошириш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, шаҳарсозлик экспертиза хулосаси олинди. Биринчи босқичда Термиз туманидаги истеъмолчиларни сифатли сув билан таъминлаш учун “PROF GROUP” масъулияти чекланган жамияти бош пудратчи этиб белгиланиб, бунёдкорлик ишлари бошланди.
–Сабзипоядаги ерости суви биологик тоза, минералларга бой. Янги лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга тушгач, Термиз туманидаги Учқизил қўрғони ва еттита маҳаллада яшайдиган 65 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик сув муаммоси ҳал этилади, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори Ҳасан Сафаев.– Бунинг учун 29,5 километр масофага сув тармоқлари тортилиб, Сабзипоя массивида 15 дона сув қудуғи бурғуланмоқда. Икки минг квадрат-метр сиғимга эга тўртта сув сақлаш иншооти, лабаратория, насос станцияси, 1000 кВтли трансформатор пункти, назорат маскани барпо этилиб, атрофи ўралмоқда.
“Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Термиз тумани аҳолисининг 64 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланган. Янги лойиҳанинг ишга туширилиши аҳолини биологик тоза сув билан таъминлаш даражасини тубдан ошириб, ичимлик сув муаммосини бартараф этади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 85 миллиард сўмлик бурғилаш, қурилиш ишлари амалга оширилади. Шу кунгача бунёдкорлар 43 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш ишларини бажариб, 20,3 километр магистрал ичимлик сув тармоғи тортилди. 10 та ер ости қудуғи қазилди. Бошқарув идораси биноси бунёд этилмоқда. 4 та сув сақлаш иншооти қурилишини якунлашга ҳозирлик кўрилаётир. Трансформатор нимстанцияси, замонавий лабаратория, иккита насос станцияси биноси қурилиши жаъдал суръатларда давом этмоқда. Атрофига бетон деворлар ўрнатилиб, бурғиланган қудуқлар учун алоҳида йўллар қуриляпти.
– Ёшлигимизда бу ерда булоқ бўлар эди, – дейди Термиз туманилик Ғофур Пардаев. – Кексалар сувининг ширин ва шифобахшлигини, истеъмол қилган кишининг танаси яйрашини кўп таърифлашган. Одамлар унча олис бўлмаган Сабзипоя сувини қишлоғимизга олиб келинишини орзу қилар эди. Халқимиз саломатлигини ўйлаб, катта маблағ эвазига аҳолини шу сув билан таъминлаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Мутахассиларнинг фикрича, қишлоқларда ариқ сувларини истеъмол қилиш ва ерости ичимлик сувларининг меъёридан ортиқ шўрланиши айрим ички органлар касалликларини келтириб чиқаришга сабаб бўлаётир. Давлатимиз раҳбари ғояси билан Сабзипояда аниқланган оби-ҳаёт захираси аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш баробарида буйрак, жигар каби ички организмлар билан боғлиқ касалликларга чалинишнинг ҳам олдини олади. Сўнгги йилларда инсон манфаатини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлашга, ёш авлоднинг соғлом камолга етишига кўмаклашади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида фойдаланишга топширилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири