Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бир йил давомида 2 минг 329 нафар фуқарога турли касб-ҳунар сир-асрорлари ўргатилди. 2 мингдан зиёд киши иш билан таъминланди. Шуларнинг 1 минг 792 нафари хотин-қизлардир.
“Ишга марҳамат” мономаркази фаолият бошлаганига бир йил тўлиши муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Президентимиз ташаббуси билан аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда, – дейди тадбирда сўзга чиққан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг профессионал таълимни ривожлантириш бўйича ўринбосари Садоқат Сиддиқова. – Республикада ҳар йили аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича дастурларни амалга ошириш, ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш, ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай давлат дастурларидан бири мономарказларни ташкил этилишидир. Биз, бу тизимнинг нақадар ишончли эканлигига қисқа фурсатда гувоҳ бўлдик. Мен ишонаманки мономарказлар мамлакатимиздаги қолаверса, бутун дунёдаги энг асосий, энг фойдали тизим яъни халққа фойдаси тегадиган корхона эканлигини исботлайди.
– Бухоро шаҳрида “Ишга марҳамат” мономарказини ташкил этиш орқали аҳолини иш билан таъминлаш бўйича мутлақо янги ва самарали тизим яратилди, – дейди Бухоро вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи Aнвар Ҳамроев. – Ишсиз фуқароларни касбга ўқитиб, иш билан таъминлашни бевосита боғлиқ ҳолда олиб бориш мамлакатимизда ишсизликнинг қисқаришига замин яратди. Айниқса, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” даги фуқароларни ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, бу орқали бўш иш ўринлари яратилиши ташқи ва ички импорт, экспортнинг ривожига замин яратди.
[gallery-8442]
Тадбирда “Йилнинг энг яхши ходими”, “Йилнинг энг яхши касб устаси”, “Жамоадаги энг фидойи ва ташаббускор” ходимларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази бир вақтнинг ўзида 560 ўринли қувватга эга. Собиқ Политехника касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилган. Мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 300 миллион сўм ва жаҳон банкининг 206 минг доллардан ортиқ маблағи жалб этилиб, жиҳозлаш ишлари WORLD SKILLS талаблари асосида амалга оширилган.
Мономарказ тингловчиларига WorldSkills талаблари асосида таълим берилса, ўрта бўғин кадрлари жаҳон бозорининг бўш иш ўрни эҳтиёжлари даражасида тайёрланади. Мономарказда 8 та хизмат тури (сервис ва хизмат кўрсатиш, техник, қурилиш, хорижий тил ўргатиш, рақамли технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка ўқитиш ва миграция хизматлари соҳалари) бўйича жами 24 турдаги касбга ўқитилмоқда. 4 та хорижий (рус, инглиз, корейс, япон) тилларни ўргатиш ҳамда тадбиркорлик асослари, миграцияга кўниктириш маркази фаолияти йўлга қўйилган. Юқорида кўрсатилган касб ва тилга ўргатиш курсларига маҳаллий ҳамда хорижий иш берувчилар талаблари асосида қўшимча, ўзгартиришлар киритиш имконияти ҳам мавжуд.
Шунингдек, корхона ва ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш бўйича пуллик ўқув курслари ташкил этиш имкони ҳам яратилган. Жорий йилда ушбу марказ битирувчилари, касбга эга бўлган аҳоли, нодавлат таълим муассасалари битирувчилари учун касбий малакасини баҳолаш маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда мономарказнинг ўқув курсларига 1 минг 200 дан ортиқ фуқаролар жалб қилинган.
Зариф Комилов, ЎзА