Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли тумани Андижон вилояти тажрибаси асосида ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш, аҳолини қийнаётган турли муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар ўз самарасини берди.
Кегейли туманида андижонлик тадбиркорлар томонидан 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 608,9 миллиард сўмлик 24 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу 1 минг 700 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Ўтган давр мобайнида ташаббускорлар томонидан 40,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилди. Учта лойиҳа ишга туширилиб, 650 та иш ўрни яратилди. Бу ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида туманда Андижон вилояти ҳокими штаби ташкил этилди. Тумандаги 16 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман ҳокимлиги ҳамда вилоят тижорат банкларига бириктирилди.
Кегейли туманини комплекс ривожлантириш мақсадида бугунги кунга қадар 28,1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилди. Жумладан, тумандаги 4 та овул ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини учун умумий қиймати 2,4 миллиард сўмлик янги маъмурий бино қурилди ва тўлиқ жиҳозланди. Туманда фаолият олиб борадиган 16 нафар ҳоким ёрдамчиси ҳамда 16 нафар ёшлар етакчисига замонавий ноутбук берилди. Тумандаги 31 нафар ҳунарманд хотин-қизга ўз ишини бошлаши учун 250 миллион, 50 нафардан зиёд ёшга 50 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Туманда экологик муҳитни яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларига 103 минг 384 туп мевали ва манзарали дарахт, 10 минг донадан зиёд гул кўчати экилди. Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан 210 минг туп мевали ва манзарали дарахт, 10 минг туп тут кўчати экилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Кегейлини яшил ҳудудга айлантириш учун экоакция ўтказилди. Унда Ёшлар ишлар агентлиги Андижон вилояти бошқармаси вакиллари, Андижон машинасозлик институти талаба ёшлари фаол иштирок этди.
[gallery-10347]
Туман инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида ҳам муцайян ишлар амалга оширилди. 152 та хонадонга ер остидан сув чиқарилди, 169 та бетон таянч, 167 та ёриткич ўрнатилди. Ички йўллардан 21,5 километр қисмига шағал ётқизилди. 4,2 километр пиёда ва 2,5 километр велойўлаклар қурилди. Шу билан бирга, туманнинг 10 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинидаги 154 та хонадонга 31 бош қўй, 161 бош эчки, 300 дона қуён, 4 минг 220 дона товуқ, 500 та курка тарқатилди. Эҳтиёжманд 417 та хонадонга 372 миллион сўмлик моддий ёрдам, 2 минг 243 та кийим-кечак тарқатилди. 81 та хонадон таъмирланди, 145 та хонадонга қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. 30 та хонадонга иссиқхона ва 42 та хонадонга товуқхоналар қуриб берилди.
– Маҳалламизда андижонликлар кўмагида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Гулчеҳра Жуманазарова. – Маълумки, Андижон вилоятида уйдан чиқмаган ҳолда даромад топиш бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ушбу тажрибани қўллаш мақсадида хонадонларга ишкомлар, кичик иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Андижонлик тадбиркорлар томонидан касаначилик кўргазмаси ташкил этилиб, шу орқали аҳоли ҳунармандчиликка ўргатиляпти. Бундан ташқари, 5 километр масофадаги ички йўлга бетон ётқизилди. Юзга яқин хонадонга иссиқхона қуриб берилди. Албатта, бундай ёрдамдан овул аҳолиси жуда мамнун.
Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг кегейлилик ёшлар билан учрашуви ҳам самарали бўлди. Унда ёшлар кутубхона қуриб беришни сўраган эди. Ёшларнинг нияти амалга ошди. Бир ярим ой мобайнида 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 150 ўринли кутубхона фойдаланишга топширилди. 20 мингдан ортиқ ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилидаги адабиётлар совға қилинди.
Кегейлилик нуронийлар ҳам амалга оширилаётган ишлардан жуда мамнун. Туман марказида барпо этилган “Нуронийлар маскани” улар ихтиёрида. Бу ерда кекса авлод вакилларининг ҳордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Масканда кутубхона, спорт зали, ошхона, тиббиёт ва намоз ўқиш хоналари ташкил қилинган.
Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ҳам аҳолига ўзига хос қулайлик яратди. Икки ҳудуд аҳолиси ўртасида дўстони муносабатларини шакллантириш ва яхшилашда турли авлодлар ўртасида ўтказилган учрашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Туманда истиқомат қилувчи 103 нафар хотин-қиз, 46 нафар нуронийлар Андижондаги Бобур номидаги санаторийда дам олишди. 200 нафар ўқувчилар ёзги таътилни вилоятдаги оромгоҳларда ўтказишди. “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида ўтказилган “Ёшлар форуми” да 300 нафар кегайлилик ёшлар иштирок этди. “Андижон вилояти ҳокими кубоги” футбол мусобақаси кегейлилик ёшларда унутилмас таассурот қолдирди. Мусобақа ғолиблари муносиб рағбатлантирилди. Биринчи ўринга 100 миллион, иккинчи ўринга 50 миллион, учинчи ўринга 25 миллион сўм пул мукофоти берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/T4arKvdhls0" title="Президент ташаббуси амалда: Кегейлида Андижон тажрибаси" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
– Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш, уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш борасида андижонлик мутахассисларнинг кўмаги қўл келмоқда, – дейди Кегейли тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Гулчеҳра Ерниязова. – Бу борада тажриба алмашиш, мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган семинарлар ташкил этилди. 13 та мактабгача таълим ташкилотидаги ер ости сувларига фильтр ўрнатилди. Бу тоза ичимлик сув таъминотини янада яхшилади. Туманнинг овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 25-30 ўринли уй боғчалари ҳамкорликда ташкил этилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация янги йил байрами арафасида Кегейли туманига ташриф буюриб, янги лойиҳаларнинг очилиш маросимида, шунингдек бир қатор хайрия тадбирларида иштирок этди.
“Оқтуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудида иш бошлаган “Aqtuba textil group” корхонасининг тантанали очилиш маросими катта байрамга айланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўм бўлиб, 500 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Биринчи босқичда 393 нафар киши ишли бўлди. Лойиҳа йиллик 2,4 миллион дона трикотаж маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона томонидан Россия Федерацияси билан бир йиллик шартнома имзоланган бўлиб, бугунги кунда эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари тикилмоқда.
– Янги корхонанинг очилиши Кегейли тумани аҳолиси, айниқса хотин-қизлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, – дейди “Aqtuba textil group” корхонасининг иш юритувчиси Арухон Қайипбекова. – Авваллари туманимиз аҳолиси, асосан ёшлар хорижий давлатларга бориб, қийналиб, оиласидан узоқда меҳнат қилишга мажбур эди. Айниқса, хотин-қизларимизни иш билан таъминлаш муаммо эди. Андижон вилояти ҳокимлигининг амалий ёрдами билан туман марказида замонавий, барча талабларга жавоб берадиган фабрика ишга туширилди. Натижада, 500 нафарга яқин, асосан хотин-қизлар доимий иш билан таъминланди. Ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Улар корхона ҳисобидан бепул овқат, махсус кийимлар билан таъминланган. Яқин кунларда транспорт хизмати йўлга қўйилади. Ўтган йили 20 нафар хотин-қиз вилоятдаги "КХАH ТЕКСТЬ" хусусий корхонасида бўлиб, тажриба алмашиб қайтдик. Вилоят ҳокимлиги томонидан бизга барча шарт-шароит яратиб берилди. Жорий йилнинг ёз ойларида корхонанинг иккинчи навбатини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Натижада яна кўплаб киши иш билан таъминланади.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 40 та оиланинг турар жойини таъмирлаш учун қурилиш материали берилди. Ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси топширилди. Тумандаги “Ийшан қалъа” овул фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга тоширилди. Андижонлик тадбиркорлар томонидан Кегейли туманида жорий 2023 йилда ҳам бир қатор инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу ишларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, энг асосийси уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА