Фарзанди энг замонавий таълим масканида, халқаро талаб асосида ўқишини, малакали хорижий педагогдан таълим олишини истамаган ота-она бўлмаса керак. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Президент мактаблари халқимизнинг ана шундай орзу истакларини рўёбга чиқарди.
Айни кунларда ушбу таълим масканларига 2022-2023 ўқув йили учун ҳужжат қабул қилинмоқда.1 июнда бошланган жараён 20 июнга қадар давом этади. ЎзА мухбири Президент таълим муассасалари агентлиги Қабул комиссияси раиси Алишер Уббиев билан суҳбатлашди.
- Маълумки, бу йил Президент таълим муассасалари тармоғи кенгайди, яъни бир неча ихтисослаштирилган мактаб Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад нима?
Хабарингиз бор, жорий йил 14 апрелда “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги Президент фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжат билан халқ таълими тизимидаги 193 ихтисослаштирилган мактаб Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Агентлик фақат 14 Президент мактаби учун очилмаган. Тизим тасарруфига босқичма-босқич бошқа ихтисослаштирилган мактабларни ҳам ўтказиш, тармоқни кенгайтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари Президент мактабларида қўлланган ва юксак натижа берган ижобий тажриба, халқаро метод республикамизни барча туманларига татбиқ этилиши назарда тутилган.
Қайд этиш лозим, уч йил мобайнида Президент мактабларида қўлланган таълим тизими, Кембриж дастури, халқаро услублар самара берди. Битирувчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлар, халқаро танловларда эришилаётган натижалар бунга мисол бўла олади. Энди ана шу тажрибани Республикамизнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш асосий мақсад этиб белгиланди.
Вилоят марказларида ташкил этилган Президент мактаблари бошқа ўқув масканлари учун локомотив вазифасини ўтади, муайян ҳудуддаги барча умумтаълим мактаблари учун андоза бўлди. Ўқитувчилар Президент мактабларида таълим бераётган маҳаллий ва хорижий педагоглар билан бевосита фикр алмашди, тажриба олди. Айни шу жараён ҳар бир туманда ихтисослаштирилган мактаб очилишига замин яратди. Таълим жараёнига нисбатан қўлланган ушбу метод таълим тизимида жадал ўзгариш ясашига, мактаб таълимини янги босқичга олиб чиқишига ишонаман.
- 2022-2023 ўқув йили учун қабул жараёнида қандай янгилик бор?
Агентлигимиз тасарруфига Президент, Ижод, Ихтисослаштирилган мактаблар ва Янги Ўзбекистон университети киради. Ҳозир барча таълим даргоҳларига қабул бошланган. Янги Ўзбекистон университетига 25 апрелда бошланган жараён 20 июнга қадар чўзилади. Мактабларимиз учун эса ҳужжат қабул қилиш муддати 1-20 июнь. Ҳужжатлар ўтган ўқув йилда қўлланган ва ижобий натижа берган онлайн ariza.piima.uz портали орқали ҳам қабул қилиняпти.
Маълумот ўрнида айтиш керак, ўтган йили 10 ҳудудда очилган янги Президент мактабларига истисно тариқасида 5-10-синф ўқувчилари жалб этилганди. 2019 йил очилган Нукус, Хива, Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги Президент мактабларига эса пандемия сабабли 5-6-синфларга ҳужжат қабул қилинди.
Жорий йилдан бошлаб 14 Президент мактабига ўғил-қизлар фақат 5-синфдан бошлаб олинади. Бундан буён ҳар йили 5-синфга ҳужжат қабул қилинади. Имтиҳонлар икки босқичда ўтади. Ҳар бир мактаб учун биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган 480 нафар юқори балл тўплаган ўқувчи саралаб олинади ва иккинчи босқичга ўтказилади. Иккинчи босқичдан кейин 24 ўқувчи танлаб олинади.
Ҳозир юртимизда фаолият юритаётган 9 та ижод мактабига фақат 7-синфга ҳужжат қабул қилинади. Янги очилаётган ихтисослаштирилган мактабларда эса бу йил истисно тариқасида 5-11-синфлар очиқ.
Жорий йил талабгорларга яна бир имконият берилди. Минтақавий, халқаро, республика, вилоят кесимидаги физика, математика, кимё, биология ва информатика бўйича ўтказилган олимпиадаларда 1-3-ўринларни қўлга киритган ўқувчи имтиёз асосида ўқишга кириш имконига эга.
Имтиҳоннинг биринчи босқичидан ўтган ўқувчи иккинчи босқичдан ўта олмаса, ўқувчилар ўз ҳудудида ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабга беш кун ичида ариза топшириб, ажратилган квота асосида имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин.
Ўқувчилар учун яна бир янгилик бор: жорий йил бешинчи синфга ҳужжат топшираётган талабгор бир вақтнинг ўзида ўз ҳудудида жойлашган Президент, ихтисослаштирилган ва таянч мактабига ҳужжат топшириши мумкин. Бу йил илк бор имтиҳонлар бошқа-бошқа кунда ўтказилади. Бу ўқувчи барча имтиҳонларга кира олиши, ўзи истаган мактабда ўқиши учун кенг имконият яратади.
- Президент мактабига ҳужжат ҳудудий мансублик асосида қабул қилиниши белгиланди. Ушбу жараён қандай амалга оширилади?
Президент мактабига талабгор қайси вилоят ёки шаҳар мактабидан баҳолаш табелини олган бўлса, ўша ҳудуддаги Президент мактабига ҳужжат топшириши мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/15LUi4jIsNI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Тўғри, ҳудудий мансублиги йўқ мактаблар ҳам мавжуд. Масалан, Ижод мактаблари ва Тошкент шаҳрида жойлашган учта таянч мактаби - Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларга ҳудудий мансублигидан қатъи назар ҳужжат топшириш мумкин. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактабга 5-синфдан, қолган икки ихтисослаштирилган мактабга эса 7-синфдан ўқувчи қабул қилинади.
- Маълумки, ҳужжат онлайн қабул қилиняпти. Бу борада ота-оналарга ноқулайлик ёки қийинчилик туғилмаяптими?
Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда қабул штаби ташкил этилди. Айни пайт Президент ва Ижод мактаблари ўқитувчилари оператор вазифасини бажармоқда. Барча операторлар тренингдан ўтказилди, малакаси оширилди. Қолаверса, ҳудудлардаги ҳар бир штаб пойтахтдаги штабга уланган бўлиб, операторнинг иши доимий кузатиб бориляпти. Топширилган ҳужжат тезда кўриб чиқилиб, 48 соат ичида талабгорга натижа ҳақида маълумот бериляпти.
1206 қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилган. Сир эмас, ўтган йиллари боғланиш бўйича муайян ноқулайликлар учраган эди. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида бу йил фақат Тошкент шаҳрида эмас, балки ҳар бир ҳудудда Call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Авваллари мурожаатга 20-30 оператор жавоб берган бўлса, жорий йил ҳар бир ҳудудда 10 га яқин оператор қўйилди. Умуман, операторлар сони 10 баробар оширилди. Айни пайт республикамиз бўйлаб 200 га яқин оператор 1206 қисқа рақам орқали келаётган мурожаатга вақтида жавоб бермоқда.
- Жорий ўқув йили учун Президент таълим муассасаларига нечта ўрин ажратилган?
2021 йил Президент мактабларига 5-10-синфлар учун юз мингдан ортиқ ҳужжат келиб тушган. Бу йил фақат бешинчи синфга ҳужжат қабул қилинади ва ўз-ўзидан маълум, ўтган йилга нисбатан аризалар сони камаяди. Ҳозиргача Президент мактабларига 4 мингга яқин, Ихтисослаштирилган мактабларга 10 мингдан зиёд ҳужжат қабул қилинди.
Президент таълим муассасаларига 5-11-синф ўқувчиларига 2022-2023 ўқув йили учун жами 75 мингга яқин квота ажратилган. Хусусан, Президент мактабларининг ҳар бирига 24 ўқувчи, жами 336 нафар ўғил-қиз қабул қилинади. Таянч мактабларига ҳам алоҳида квота белгиланган. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактаб 120 ўқувчи қабул қилади. Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабларга эса 40 тадан квота берилди.
Дарвоқе, қабул жараёнида ўқувчининг мактабда олган баҳоларига ҳам эътибор қаратилади. Хусусан, Президент мактабига ҳужжат топширувчи талабгорнинг математика, физика, кимё, биология фанларидан йиллик баҳоси беш бўлиши шарт. Бу йил фақат бешинчи синфга қабул бўлганлиги учун математика ва табиатшуносликдан йиллик баҳо беш бўлиши талаб этиляпти. Бу талаб ихтисослаштирилган ва таянч мактабларига тааллуқли эмас.
ЎзА мухбири,
Гўзал САТТОРОВА суҳбатлашди.