Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригини Сурхондарё вилоятининг Музработ, Шеробод ва Ангор туманларида яшайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 30 оила Шеробод туманидаги Боғи обод маҳалласида кеча фойдаланишга топширилган ўз уйларида тинглаб, қалби бир олам фахрга тўлди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳомийлигида бунёд этилган 2 сотихли янги уй-жойда тинч, фаровон турмуш кечириш учун барча шароит яратилган. Бир йўла жиҳозланиб, замонавий лойиҳалар асосида қад ростлаган шинам ва ёруғ уйлар Музработ, Шеробод ва Ангор туманларида турар-жойга эга бўлмаган ёки ота-онаси уйида истиқомат қилаётган ногиронлиги бор эҳтиёжманд оилаларга Янги йил совғаси сифатида туҳфа этилди.
Шеробод туманидаги Боғи обод маҳалласилик Холмурод Бойтўраев чўпон бўлиб ишлайди. Оилада икки фарзанд камолга етмоқда. Турмуш ўртоғи ҳеч қаерда ишламайди. Фарзандлар тарбияси билан банд. Оила бошлиғининг топгани рўзғордан ортмайди. Ўрганиш чоғида ногиронлиги бор Холмурод Бойтўраев оиласи ташландиқ уйда яшаётгани маълум бўлди. Янги йил арафасида улар янги уйнинг калитини қабул қилиб олганида қалби қувончга тўлди. Барчага бирдек ғамхўрлик кўрсатилаётган Ватанда яшаётганига шукрона айтди.
Музработ туманидаги Орият маҳалласида истиқомат қиладиган ногиронлиги бор Муҳаббат Шомуродова икки фарзандни тарбияламоқда. Улар ижарада яшаб келаётган эди. Турмуш ўртоғи Россияга ишлаш учун кетган. Онахон бу йил илк марта Янги йилни ўз уйида нишонлади.
– Президентимизнинг Янги йил табригидаги юртимиз тобора обод қиёфа касб этмоқда. Минглаб юртдошларимиз Янги йилни янги уйларда кутиб олмоқда, деган сўзларини янги уйимизда эшитиб, ўзимни ушлаб туролмадим. Кўзимга қувонч ёшлари келди, – дейди Муҳаббат Шомуродова. – Ана шу минглаб оиланинг бири биз эканимиздан фахрландим. Ахир, етти йилдан ортиқ вақт ижарада яшаб келдик. Шу даврда тўрт марта ижара уйимизни алмаштирдик. Орада фарзандларимиз ҳам улғайиб қолди. Турмуш ўртоғим уй қуриш учун пул топиш мақсадида Россияга ишга кетди. Барибир унинг топгани ҳам ижара ҳақи-ю, рўзғор харажатларидан ортмаётган эди. Энди турмуш ўртоғим ҳам мусофир юртдан қайтадиган бўлди. Биздек эҳтиёжманд, уй-жойи йўқ оилаларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Тинч, осуда ҳаётимиз посбонлари ҳомийлигида барпо этилган мўъжазгина массивда маҳалла маркази, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, китоб дўкони, тиббиёт маскани, ҳажми 40 тонна сиғимга эга 21 та интенсив балиқхона, учта 50 тонна сув сиғимига эга кўл фойдаланишга топширилди. Уларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишсиз аъзолари меҳнат қилиб, муносиб турмуш кечириш учун зарур даромадга эга бўлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири