“Президент совғаси”дан диллар шодликка тўлди
Халқимизга хос болажонлик, юксак инсонпарварлик, меҳр ва эътибор намунаси сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шаҳар ва туманларида анъанавий тарзда “Президент совғаси” тантанали тарзда топширилмоқда.
Наманган шаҳридаги 26-сонли “Меҳрибонлик уйи”да ҳам “Президент совғаси”ни ўғил-қизларга топшириш катта тантанага айланди. Масканда тарбияланаётган 63 нафар тарбияланувчини Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов самимий табриклаб, эртамиз эгаларининг келгуси ҳаёти, ўқиш ва изланишларида омад ва улкан зафарлар ёр бўлишини тилади.

20 номдаги ширинлик, уч хил ўқув қуроллари ва икки турдаги жиҳозлар жамланган “Президент совғаси”ни қабул қилиб олган болажонларнинг нигоҳлари қувончдан порлаб, диллари шодликка тўлди. Тарбияланувчилар ижросидаги бетакрор куй-қўшиқлар, “Қор парчаси” рақси, миттивойлар чиқиши, доира куйи, “Бўғирсоқ” эртаги асосида намойиш этилган театр томошаси барчада бирдек кўтаринки кайфият улашди.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 109 чин етим ўқувчи, хизмат бурчини бажариш пайтида ҳалок бўлган 15 нафар ички ишлар органлари, уч нафар мудофаа ишлари бошқармаси, икки нафар фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда беш нафар божхона бошқармаси ходимининг фарзандларига, 3 – 15 ёшдаги “Гўдаклар уйи”нинг 46 нафар тарбияланувчисига “Президент совғаси” маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали топширилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА