“Президент совғаси” болажонларни шод этди
Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига “Президент совғаси” катта тантана билан топширилди.
Масканда тарбияланувчи 63 нафар ўғил-қизни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдураззақов байрам билан самимий қутлаб, уларга келгуси ҳаёти, ўқиш ва изланишларида омад ва муваффақият тилади. Болажонларга 20 номдаги ширинлик, 3 турдаги ўқув қуроллари ҳамда 2 турдаги жиҳозлар жамланган “Президент совғаси”ни тақдим этди.



Тарбияланувчилар ижросидаги бетакрор куй-қўшиқ ва рақслар, миттивойлар чиқиши, доира куйи, “Бўғирсоқ” эртаги асосида саҳналаштирилган театр томошаси тадбирга ўзгача завқ бахш этди.
Шунингдек, бугун вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги умумтаълим мактабларида таълим олаётган чин етим ўқувчилар, ички ишлар органлари, мудофаа ишлари бошқармаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, божхона бошқармаларининг хизмат бурчини ўташ пайтида ҳалок бўлган ходимлари фарзандлари, “Гўдаклар уйи”да тарбияланувчи болажонларга Президентнинг Янги йил совғалари маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан етказилди.



Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА