“Президент совғаси” болажонларга шодлик улашмоқда
Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”да болажонларга “Президент совғаси” топширилди.
Байрам болалар билан тотли. Уларнинг хурсандчилиги барчамизнинг бахтимиз, уларнинг қувончи барчамизнинг қувончимиздир. Ҳар йили янги йил арафасида жажжи болажонлар кўнглига қувонч улашиб, давлатимиз ғамхўрлигининг ифодаси сифатида “Президент совғаси” минглаб болажонларга тортиқ қилинади. Юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, тинчлигимизни таъминлаш йўлида ўзларини фидо қилган мард ва жасур юрт ўғлонларининг фарзандлари, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг дилбандларига туҳфа қилинадиган совғаларнинг 281 донаси Навоий вилоятига келтирилди.

Дастлаб тадбирда вилоят ҳокими Қобул Турсунов болажонларни кириб келаётган 2021 йил билан муборакбод этиб, юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, улар учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Жумладан, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Айниқса, 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном бериш таклиф этилгани ёш авлодга қаратилган яна бир юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.

“Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз”, − дея алоҳида таъкидлади Юртбошимиз.
Даврага Қорбобо ва қорқиз, турли эртак қаҳрамонларининг ташриф буюриши тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Болажонлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, саҳналаштирилган байрам томошалари барчада катта таассурот қолдирди.
Абдували БЎРИЕВ, Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА