Президент совғаси – бешариқлик ўқувчиларга насиб этди
Фарғонада умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Умид ниҳоллари – 2022” спорт мусобақасининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров кичик олимпиада номини олган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг барча иштирокчилари, совриндорларини мустақиллик байрами билан самимий қутлади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор, бошқа давлатларда бўлмаган тизим ташкил қилинганлиги, бугунги кунда ёшларимизни спортга қизиқишини ошириш, оммавий спортга кенг жалб қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этди.
“Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг ҳудудий босқичлари вилоятда юксак савияда ўтказилиб, спортнинг ўндан ортиқ тури бўйича беллашилди. Мусобақанинг мактаб босқичларида жами 515 минг нафар ўғил-қиз куч синашиб, уларнинг 103 минг нафари шаҳар ва туман босқичларида ғолиблик учун кураш олиб борди. Ўтказилган ҳудудий ва вилоят финал босқичларида 2 минг 983 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, шундан 1 минг 200 нафарини қизлар ташкил этди.
[gallery-8545]
“Умид ниҳоллари – 2022” спорт мусобақасининг вилоят финал босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар ва уларнинг мураббийлари совғалар билан тақдирланди.
Умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритган Бешариқ тумани жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида “Damas” русумли автомашина калитини вилоят ҳокимидан қабул қилиб олди.
М.Сулаймонов,М.Қодиров(сурат), ЎзА