Нукусда маданият ва санъат муассасаларига Президент совғаларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан маданият ва санъат ходимларини қўллаб-қувватлаш, соҳани ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бу борада қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши уни ривожлантиришнинг янги босқичга кўтарилишига асос бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир учрашувда маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соҳада ечимини кутаётган долзарб муаммоларга алоҳида тўхталиши бежиз эмас. Зеро, маданияти равнақ топган ва уни қадрлайдиган халқ ҳамиша ҳурматга сазовор бўлади, санъатни севган юксак маънавиятли инсон буюк ишларни қилишга қодирдир.
Тадбирда “Айкулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамблига Президент совғаси, барча қулайликларга эга бўлган махсус замонавий автобус, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрига “Isuzu” юк машинаси, шу билан бирга, 7 та туман маданият бўлимига “Дамас” автомашинаси, 10 та маданият бўлимига махсус ускуналар жамланмаси топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан фахрийлар соҳага қаратилаётган бундай эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрлик учун Президентга ўз миннатдорлигини билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.