Президент сайловида хотин-қизлар фаол қатнашади
Пойтахтимизда ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Президент сайловида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари” мавзуидаги ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Онлайн ва оффлайн тарзда ўтган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар (туман) Кенгашлари депутатлари, партия ҳудудий кенгашлари бўлим мудирлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш учун сайлов жараёни иштирокчиларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишга янгича ёндашиш зарурлиги қайд этилди.

Сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловларни юқори савияда ўтказиш жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов жараёнларида аёлларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш каби масалалар бўйича тақдимот ва маърузалар ҳамда муҳокамалар ўтказилди.

Хусусан, ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” қатор партиявий лойиҳалар орқали хотин-қизларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйиши, иш билан бандлигини таъминлаш, тажрибали ишбилармон аёллар кўмагида бепул касб-ҳунарларга ўқитиш, мунтазам бепул тиббий кўрикларнинг ташкил қилишда амалий натижаларни кўрсатиб келмоқда.
Биргина “O‘zLiDeP аёллари – Янги Ўзбекистон бунёдкори!” лойиҳаси доирасида ҳар бир маҳалла қошида шу кунга қадар 605 та “O‘zLiDeP фаоли – ислоҳотлар тарғиботчиси!” клублари ташкил этилди. Уларда 3095 нафар клуб аъзоси ўз фаолиятини бошлади. “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида 117 та бепул тиббий кўрикларда 7800 нафардан ортиқ хотин-қиз ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.

–“Аёллар қаноти”нинг “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида жорий йилда 264 та тадбир ташкил этилиб, уларда 7709 нафар иштирокчи қатнашди, –деди O’zLiDeP сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раис ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева. Шулардан 384 нафарига 4 миллиард 219 миллион сўм миқдорида кредитлар олиб берилишига кўмаклашилган. Бунинг натижасида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилишига эришилди. Шунингдек, партия “Аёллар қаноти” томонидан “Бир депутат –юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа давомида O’zLiDeP дан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 53 нафар, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига 2280 нафар сайланган ҳар бир депутат томонидан 100 нафар хотин-қизларни ишга жойлаштиришда, тадбиркорликни ўргатишда, кредит олишда, соғлигини тиклашда, ҳуқуқий маслаҳатлар беришда, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашда амалий кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Тадбирда партия “Аёллар қаноти”нинг бу каби амалий ишлари бу йилги бўлиб ўтадиган Президент сайловида хотин-қизларнинг ишончини қозонишда, сайловларда уларнинг кўтаринки руҳда иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир якунида сайлов жараёнига O’zLiDeP номидан иштирок этадиган кузатувчилар ва ваколатли вакиллар, волонтёрлар самарали фаолият юритиши учун зарур ўқув-услубий ва тарғибот материаллари барча иштирокчиларга тарқатилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА