Жорий йилнинг 24 октябр куни жонажон диёримизда муҳим сиёсий жараён, халқимизнинг эртанги куни, келажагини белгилаб берувчи оламшумул воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.
Ушбу жараёнга юртимиздаги барча ташкилотлар, жамоат бирлашмалари жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Сайловни уюшқоқлик билан ташкил этиш ва бу жараённинг нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини халқимиз онгига сингдириш мақсадида Гулистон давлат университети жамоаси тарафидан бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар” дастури асосида 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб Сирдарё вилоятидаги барча сайлов участкаларига бириктирилган сайлов комиссияси аъзоларига сайлов қонунчилиги, сайлов кодексидаги ўзгариш ва янгиликлар, сайловни шаффоф ва демократик тамойиллар асосида ўтказишга қаратилган тренингларда университет профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳудудий тренерлар гуруҳи мунтазам равишда ўқув машғулотларини олиб борди.
Бундан ташқари, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда университетнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилиб, ушбу кўнгиллилар асосан сайлов жараёнларини ташкил этиш, халқаро кузатувчиларга гид-таржимонлик ишларида ёрдам бермоқда.
Университет ўқув биноларида замонавий рақамли-электрон қурилмаларда барча сиёсий партиялар томонидан Президент сайловига кўрсатилган номзодлар таржимаи ҳоллари ва сайловолди дастурлари тўхтовсиз намойиш этилмоқда.
Бевосита университетнинг ўзида ҳам ёшлар онгида миллий сайловчилик тизими, сайлов жараёнининг аҳамиятини тўғри талқин қилиш мақсадида бир қатор тарғибот ишлари паралел равишда олиб борилмоқда. Жумладан: “Биз сирдарёлик ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!” шиори остидаги “Ёшларнинг сиёсий билими ва ҳуқуқий маданиятини ошириш акцияси” доирасида Гулистон давлат университети талаба-ёшлари орасида “Ёш сайловчи” платформаси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур платформа доирасида етакчилар учун сайлов жараёнлари тўғрисидаги барча керакли маълумотларни қамраб олган брошюралар ҳамда “Ёш сайловчи” ён дафтарчалари тақдим этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Ёш сайловчи – 2021” тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Сайлов–2021: Келажагинг учун овоз бер!” шиори остида ташкил этилган “Тарғибот поезди” лойиҳалари доирасида университетда пойтахт олийгоҳлари фаол тарғиботчиларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари ҳамкорлигида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан: Сайлов билимдонлиги бўйича “Заковат”, “Ҳуқуқий викторина” беллашувлари, спорт мусобақалари, “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан миллий сайловчилик бўйича очиқ мулоқотлар, “Ёшлар ва сайлов” форуми тадбирлари ўтказилди.
Гулистон давлат университетининг бир қатор ўқув биноларида, жумладан, Гулистон шаҳрида университет қошидаги академик лицейда, Янгиер шаҳрида педагогика факультетида, Боёвут туманида жисмоний маданият факультети ва сиртқи бўлимда, Оқолтин туманида Оқолтин саноат техникуми ўқув биноларида ҳам сайлов участкалари жойлашган. Мазкур сайлов участкалари сайлов қонунчилиги талабаларига мос равишда сайловга тайёр ҳолга келтирилди. Сайловчилар рўйхати, барча номзордларнинг таржимаи-ҳоллари ва сайловолди дастурлари жойлаштирилди. Барча сиёсий партиялар ва халқаро кузатувчилар учун жойлар тайёрланди. Сайлов жараёнини тезкорлик билан ёритиш мақсадида – оммавий ахборот воситалари учун интернет тармоғи ҳамда ахборот технологик воситалар билан тўлиқ таъминланди.
Бу йилги Президент сайлови жараёнларида университет профессор-ўқитувчилари жамоаси иштирокини юқори савияда таъминлаш борасида ҳар бир кафедрага тарғибот флаерлари тарқатилди.
Бошқа вилоятлардан келиб Гулистон давлат университетида таҳсил олаётган талабалардан 3 минг 49 нафар талабаларнинг ҳам сайловда фаол иштирок этишлари учун университет биноларида жойлашган сайлов участкаларига бириктирилди ва эндиликда улар шу ернинг ўзида овоз бериш имкониятига эга бўлди.
Университетимиз талабаларидан 2 минг 748 нафар талаба жорий йилги Президент сайловларида биринчи маротаба овоз беради.
Сайлов – бу демократия, халқ ҳокимиятининг юксак белгиларидан биридир. Аслида ушбу жараённи уюшқоқлик билан ўтказиш, унга муносиб тайёргарлик кўриш ва Президент сайловларида фаол иштирок этиш – миллатидан, диний эътиқотидан, ирқи, жинси, касб-кори ва эгаллаб турган мақомидан қатъий назар мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқий бурчи, вазифасидир. Зеро, эртанги фаровон кунимиз, фарзандларимизнинг ёруғ истиқболи муносиб танловимизга боғлиқ.
Мамлакатимизнинг ўқитучи-профессорларини, талаба-ёшларини ва барча фуқароларимизни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чорлайман.
Мухсин ХОДЖИЕВ,
Гулистон давлат университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор