Президент сайлови: муҳим босқичлар
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси 2-қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови конституциявий ваколат муддати тугайдиган йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида ўтказилади. Жорий йилда ўтказиладиган сайлов тақвим бўйича 24 октябрга тўғри келмоқда.
Шунга кўра, 22 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бошланди. Сайловнинг бошланиши, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, нафақат Марказий сайлов комиссияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча сиёсий партияларга ҳам муайян вазифалар юклайди.
Амалдаги ҳуқуқий меъёрларга асосан партияларнинг Сиёсий ёки Марказий Кенгаш Ижроия қўмитаси мажлиси чақирилади ва унда сиёсий кучларнинг Президент сайловидаги иштироки ҳақидаги масалани кўриб чиқиш учун Сиёсий ёки Марказий Кенгаш йиғилишларини чақириш ва пленум ўтказиш вақти, кун тартиби; сайловга оид асосий тадбирларнинг календарь режаси; партияларнинг сайловолди штабини тузиш; Президент сайлови бўйича партияларнинг ваколатли вакилини белгилаш каби масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади.
Маълумки, Сайлов кодексининг 62-моддасига мувофиқ сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, сайловда иштирок этиш бўйича қарор қабул қилган сиёсий партиялар, партиянинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномани сўраб Адлия вазирлигига мурожаат қилади.
Шунингдек, сиёсий партиялар Ижроия қўмита қарорига мувофиқ Сиёсий ёки Марказий кенгашларининг пленумларини чақиради. Пленумда партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган номзод тўғрисидаги; партиянинг Съезд ёки Қурултойини чақириш вақти, жойи ва унинг кун тартиби тўғрисидаги; Съезд ёки Қурултойга делегатлар сайлаш мақсадида партиянинг ҳудудий ва туман, шаҳар конференцияларини ўтказиш тўғрисидаги; ҳудудий партия ташкилотларидан сайланадиган делегатларнинг миқдори ва таркиби тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниши лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида (16 август) Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган аризани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Ушбу ҳужжатларни Марказий сайлов комиссияси қабул қилиб олгач, сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома берилади. Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилгач, беш кунлик муддат ичида, яъни сайловга 65 кун қолгунга (20 августга) қадар партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисидаги масала юзасидан узил-кесил қарор қабул қилади ва лозим топилганда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Шундан кейин, сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.
Ўз навбатида сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчиларнинг имзоларини тўплаш ишларини ташкил этади ва бу борадаги қонунчилик меъёрлари бузилмаслиги учун тегишли чора-тадбирларни белгилаб олади. Сиёсий партиялар узоғи билан сайловга 50 кун қолгунга (28 сентябрга) қадар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашни ташкил этишлари лозим бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг ёки идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши ҳам мумкин.
Яна шуни эътиборга олиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек, тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади.
Бу борада яратилган қулайликлардан яна бири сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилиши мумкин. Аммо, шуни унутмаслик лозимки, имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Тўлдирилган имзо варақалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган ҳолда сиёсий партиянинг ваколатли вакили томонидан Марказий сайлов комиссиясига топширилади. Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Текшириш учун сайловчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олинади.
Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Экспертлар гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.
Экспертлар томонидан ўрганиш жараёнида Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғида қонун бузилган ҳолатлар аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади. Мабодо, қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас, деб топилади ва Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни рад этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг олий органлари (Съезд, Қурултой) томонидан амалга оширилади. Ва бу жараён Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси талабларига мувофиқ сайловга олтмиш беш кун қолганида (20 август) бошланади ва қирқ беш кун қолганида (9 сентябрь) тугайди. Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатли бўлиб, фақат битта номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Сиёсий партияларнинг Съезди ёки Қурултойида сиёсий партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги; Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилинади.
Сиёсий партиялар юқоридаги муддатларга риоя қилган ҳолда Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни рўйхатга олиш учун тўртта ҳужжат тақдим этади: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод тўғрисидаги Съезд ёки Қурултой қарори; бу ҳақда партия олий органининг баённомаси; Номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, Номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодга оид қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни қабул қилиб олгач, бу ҳақда сиёсий партияга белгиланган тартибда маълумотнома беради.
Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади. Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади. Номзодлар сайлов жараёнида тенг ҳуқуқлиликдан фойдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, Марказий сайлов комиссияси томонидан уларга тегишли гувоҳномалар берилади.
Шу тариқа сайловнинг энг муҳим шартларидан бири – сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тўхтатилади. Яъни жорий сайловлар бўйича 23 октябрь куни сайловолди ташвиқоти мамлакатимизнинг бирон-бир жойида ўтказилмайди.
Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга чорлайдиган фаолият бўлиб, сиёсий партиялар ва номзодлар учун сайловчиларни ўзига оғдиришнинг қонуний воситаси ҳисобланади. Сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш, нотўғри ахборотни, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Сиёсий партиялар ҳар бир сайлов участкасига қўйиладиган кузатувчи ва ваколатли вакилларни шакллантириб, сайловга 10 кун қолгунга (14 октябрга) қадар Округ сайлов комиссияларидан уларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат қилади. Округ сайлов комиссиялари томонидан сайловга 5 кун қолгунга қадар (19 октябргача) кузатувчилар ва ваколатли вакиллар учун мандатлар берилади.
Сайлов куни кузатувчилар ҳамда ваколатли вакиллар иштирокини тўлиқ ва юқори савияда таъминлаш, партия томонидан иштирок этувчиларнинг сиёсий фаоллигини намоён этиш ҳар бир иштирокчи партиянинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига тўлиқ риоя қилган ҳолда Президентлик сайловида иштирок этиши мамлакатнинг халқаро нуфузини янада ошириш учун хизмат қилади. Зеро, қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат ва тараққиёт бўлади.
Абдукамол Рахмонов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари.