Президент қашқадарёликларга миннатдорчилик билдирди
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорларнинг бир гуруҳига миннатдорчилик билдириш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди ва унда бошқа вилоятлар қаторида Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган бир гуруҳ тадбиркор ва ишбилармонларга ҳам миннатдорчилик билдирди.
Хусусан, “LT textile international” МЧЖ хорижий корхонаси раҳбари Ченг Зи, “Энг яхши экспортёр”. 2021 йил экспорти 29,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган. “Nasaf profi servis” МЧЖ раҳбари Жамол Юсупов “Энг яхши солиқ тўловчи”, “Namuna qurilish montaj dezayn servis” МЧЖ раҳбари Ўктам Гелдиев “Энг яхши солиқ тўловчи”, “Uz Shoes” МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари Дилшод Муфтиллаев “Энг кўп иш жойлари яратган тадбиркор”. Ушбу қўшма корхона 350 та иш ўрни яратган.

Миннатдорчилик хатларини вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тантанали равишда эгаларига топширди.
Шундан Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда қашқадарёлик тадбиркорлар ҳам катта кўтаринки кайфиятда иштирок этди.

- Мана бугун ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида илк бор тарихда биринчи марта тадбиркорлар билан эксклузив очиқ мулоқот бўлди. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, - дейди Китоб туманидаги “Севаз андронкс” МЧЖ раҳбари Алишер Бойқараев. - Маърузанинг мазмун-моҳиятига келсак, биз ҳали ҳам ўзимизга кела олганимиз йўқ. Шунчалик кўп йўналишлар, шунчалик кўп тадбиркорларга имтиёз, шароитлар бериляпти Давлатимиз раҳбари томонидан биз ҳали ҳазм қила олганимиз йўқ. Бу биринчи навбатда давлат раҳбарини ўзининг халқини ҳақиқатдан ҳам яхши кўришини билдиради. Шу билан биргаликда халқ вакиллари бўлмиш, халқнинг ичидан чиққан, одамларни ишли қиладиган, даромадини кўпайтирадиган тадбиркорларни ҳам ўзининг фарзандларидай яхши кўришини билдиради. Биз жудаям ҳаяжондамиз. Шунақа кўп йўналишлар ҳақида гапирдиларки, мен ҳозир ҳаммасини айтиб ҳам бера олмайман. Бир вақтлар суткада 24 соат вақт бўлса, 23 соатлаб свет бўлмаган пайтлар бўлган. Свет ўчгандан буюртмаларни бажара олмай, она сутимиз оғзимизга келган. Жуда қийналганмиз. Мана светни ўчирмаса ҳам бўларканку. Йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё бўйича айтган алоҳида гаплари юрагимизга тегди. Боиси ичимиздаги гапларни айтдилар. Қашқадарёда нефт-газ корхоналари у бўлди, бу бўлди деб ура-ура қилишган, лекин тадбиркорликка эътибор умуман бўлмаган деб айтдилар. Бу айни ҳақиқат эди. Таклифларни айта олмадик ҳатто. Президентимизнинг ўзи таклифлифларни ечиб бердилар. Биз таклиф айтамиз деб тургандик таклифлар ҳам ечилиб кетди. Тадбиркорлар билан ишлаш бўйича аниқ бир тизим яратиб бердилар. Яъни умуман бошқарув йўналишига таклиф олиш тизимини ташкил қилдилар. Ҳар қандай одамда ҳам яхши фикрлар албатта бўлади. Қайсидир йўналишда бўлса ҳам. Одамлар тортинмасдан давлат раҳбарига эркин таклифларини, фикрларини айтяптилар. Мана шу таклифларни давлат раҳбари эринмасдан эшитиб, бутун ўзининг қўл остида бўлган раҳбарларга ўрнак бўлиб кўрсатиб беряптилар. Улуғ бобокалонларимиздан қолган бир гап бор. Юракдан чиққан гап юракка боради. Шу маънода биз тадбиркорлар Президентимизни юрагимиз билан яхши кўрамиз.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда вилоятда 67 минг 66 та тадбиркорлик субъектлари (36 165 та ЯТТ) фаолият юритади.
Пандемия даврида вилоятдаги 51,5 мингта тадбиркорга 6,7 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди, 5 минг 786 тасини 576 миллиард сўмлик кредитларининг тўлов муддати узайтирилди.
Мазкур учрашувга тайёргарлик жараёнида Республика “CALL” марказига вилоятнинг 1 минг 364 нафар тадбиркорлари томонидан савол ва муаммолар ўртага ташланди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ва мутасадди тизим раҳбарлари билан ҳамкорликда 24 июлдан буён 1 минг 315 та тадбиркорнинг масаласи ҳал қилинди (96%), қолган 49 та мурожаатлар муддат талаб қилганлиги сабабли яқин кунларда ечимини топади.
Ўлмас Баротов, ЎзА