Юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, энг долзарб, ҳар доим эътибордаги масалага айланган. Инсон капиталини ривожлантириш эса бир кунлик иш эмас. Мазкур жараён комплекс ёндашув ва узоқ муддатли чора-тадбирларни талаб қилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда умумий аҳоли сонининг 55 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Айни пайтда уларнинг таълим олиши ва фаолият олиб бориши учун барча шароит яратиб берилмоқда. Айниқса, касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда адлия органлари томонидан қарор ижроси тегишли тартибда мониторинг қилиниб, зарур ҳолларда жойига чиқиб ўрганилмоқда
– Қарорга мувофиқ республика бўйича туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга берилиши белгиланган, – дейди Навоий вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Дилдора Каттаева. – Бунда “маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар асосий номзод ҳисобланади. Вилоятимизда электрон онлайн аукцион савдолари орқали ёшларга ижарага бериладиган 2 минг гектар ер майдонлари рўйхати тасдиқланган.
Биргина Нурота туманида бундай ер майдонлари 17 гектарни ташкил этади. Миришкорлик боболаридан мерос бўлиб келаётган нуроталик ёшлар учун бу қарор айни муддао.
– Ишсиз эдим, сайёр қабулларнинг бирида адлия органига мурожаат қилгандим. Улар ваколатли идоралар ҳамкорлигида менга аукцион орқали ер олишга кўмаклашишди. Болалигимдан ерга меҳр бериб, катта бўлганман. Деҳқончиликдан хабарим бор. Энг асосийси, аукцион орқали уйимга яқин жойдан ер ажратилди. Ерга картошка эккан эдим. Мўл ҳосил олиб, кўзланган фойдани олдим. Ҳозир ўша ерга такрорий экин сифатида сабзавот маҳсулотлари, яъни қовоқ, сабзи, лавлаги, қовун, тарвуз етиштираяпман. Бир қисмига маккажўхори ва беда экканман. Чунки субсидия асосида қорамол ҳам сотиб олдим. Энди оиламизда сут ва қатиқ маҳсулотлариям бор. Ёнимда икки укам ҳам кўмакчи, улар ҳам иш билан банд, – дейди Санжар Тўхтаев
Албатта ёшлар учун ажратилган ерлардан самарали ва оқилона фойдаланиш ҳолатлари тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
– Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида назоратга олинган ишсиз ёшларга аукцион орқали ажратилган ерлар ҳосилдор бўз, суғориладиган унумдор ерлардан ажратилмоқда, – дейди Навоий вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Мадрахим Умрзоқов. – Нурота туманида ер асосан тик қудуқлар орқали суғорилади. Туманда 23 нафар ёшга “Бир массив - бир маҳсулот” тамойили асосида 17 гектар ер ажратилган. Барча ёшлар ердан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришмоқда. Уларга билмаганларини ўргатиш ва ҳосилни парваришлашга кўмаклашиш мақсадида агрономлар бириктирилган.
Албатта, ёшлар бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири. Бу борада адлия органлари ҳам ёшларга кўмакдош бўлишмоқда. Президент қарорига асосан, адлия органлари ходимлари томонидан уйма-уй кирилган ҳолда ҳуқуқий масалалар ўрганилиб, бирламчи юридик ёрдам кўрсатилмоқда. Бандликни таъминлашда амалий кўмаклашилаяпти.
– Ҳудудда Президент қарори ижроси ўрганилганда 17 нафар ёш ўзларига ажратилган ерлардан даромад олаётгани ва фаолиятидан мамнунлиги аниқланган, – дейди Нурота тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси Феруз Раҳимов. – Адлия бўлимимиз томонидан 5 та маҳалладан 1185 нафар ёш оталиққа олинган. Ўрганишлар давомида улардан 43 нафарининг ишсизлиги аниқланиб, Шу кунга қадар 12 нафарининг бандлиги таъминланган. Ҳозирда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар кимнинг танлови ҳар хил. Дилшод Раҳмонов болаликдан автотранспорт воситаларига қизиқади. Турли сабабларга кўра, олий таълим муассасасига ўқишга киролмаган йигит бир муддат ишсиз юрди. Шу орада автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш бўйича тажриба тўплаб, автоювиш шохобчаси фаолиятини йўлга қўйди. У бир ўзини банд қилмади, аксинча ёнига икки нафар ёшни олиб ҳунарли ҳам қилди.
Нуротани бежизга ҳунармандлар макони дейишмайди. Нурота кашталари бугун оламга машҳур. Чунки бу ерда каштачилик маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилган. Нуротада бирор хонадон қизи йўқки, кашта тикишни билмаса. Зарифа Рўзиева Зарафшон шаҳридан Нуротага келин бўлиб тушган. У ҳозир 22 ёшда. Каштадўзлар оиласига келин бўлиб тушган қиз бугун шу ҳунар ортидан ўзини ўзи банд қилиб, даромад топмоқда. Устози эса қайнонаси. Ҳунармандлар оиласи бекаси Саодат Файзиеванинг келинлари, қизлари шу касб ортидан турли давлатларда ўтказиладиган ҳунармандлар кўргазмаларида иштирок этиб келишади.
– Қадимий анъаналарга кўра, ўзбек қизлари бўлажак келинлик сепларига ҳар хил каштачилик буюмларини ўзлари тайёрлаганлар, – дейди Саодат Файзиева. – Қизларга 7-9 ёшидан бошлаб кашта тикиш ўргатилган. Айни пайтда туманимизда “Устоз-шогирд” анъанаси кенг йўлга қўйилган. Ҳар бир каштадўзимизнинг 10 тадан 100 нафаргача шогирди бор. Бугунги кунда нуроталик каштадўз усталарнинг тиккан сўзана, ёстиқ каби маҳсулотлари нафақат юртимизда, балки қатор чет давлатларда ташкил этилган нуфузли кўргазмаларда намойиш этилмоқда.
Албатта, бугун ёшларимиз учун яратиб берилаётган имкониятлар кенг. Ўқийман, ишлайман, ҳаракат қиламан, деганининг ҳар бирига давлатнинг ўзи кўмакдош. Дунёга чиқмоқчи бўлганларга эшиклар очиқ, ҳуқуқий асослар мустаҳкамлаб берилган. Мавжуд имтиёзлардан фойдаланиб, юқори марраларни забт этаётган ёшлар сафи эса тобора кенгайиб бормоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири