Дунё аҳли томонидан Ренессанс даврининг буюк алломалари сифатида эътироф этилган Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби улуғ аждодларимизнинг илм-фан соҳасидаги кашфиётлари, ўлмас асарлари инсоният ҳаёти фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти ниҳоятда катта.
Буюк алломаларимизнинг издошлари бўлган Янги Ўзбекистоннинг олимлари, илм-фан вакиллари ҳам ўз изланишлари, кашфиёт, янгиликлари билан бугун нафақат Ватанимиз тараққиётига, балки инсониятнинг глобал муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун мамлакатимизда илм аҳилларининг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илм-фан тараққиёти, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, олимлар, илмий ходимларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори пахтачилик соҳасида илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжатда пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида маҳсулот экспорти ҳажми ва реал даромадни ошириш билан боғлиқ вазифалар белгиланган. Қарор пахтачилик соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилишига асос бўлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгашининг ташкил этилиши тизим ривожида алоҳида аҳамият касб этади. Пахтачилик кенгашининг маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, уларнинг супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича илмий ташкилот ва уруғчилик корхонасини белгилаш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос энг мақбул навларни ҳудудларда кўпайтириш, пахтачилик йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш каби бир қарор вазифалари замирида деҳқонларимизнинг сермашаққат меҳнатини енгиллаштириш мақсади мужассам эканлигини алоҳида айтиб ўтиш керак.
Пахтачилик кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш учун танланган 13 та туман, мазкур туманларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар, пахтачилик йўналишидаги лойиҳаларни мутахассис сифатида юқори баҳолайман. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши таркибига пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари йўналишларидаги илмий-тадқиқот институтлари, лабораториялар, соҳа мутахассислари, агротехнологиялар ва ҳосилдорлик бўйича амалиётчилар, Халқаро экспертлар киритилганлиги алоҳида эътирофга лойиқ.
Пахтачилик кенгашининг кенгаш фаолияти йўлга қўйиладиган 13 та туманда экилган пахта навларини ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос мақбул тарзда танлаш, шунингдек, агротехник тадбирларни тўғри амалга оширилишини таъминлаш, тупроқнинг унумдорлигини ошириш, кластер ва фермер хўжаликларини танланган навни ўғитлаш агротехникаси бўйича ўқитиш, экин майдонларини ўғитлаш бўйича хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда мунтазам амалий ёрдам ва назорат ўрнатиш, ғўза касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш бўйича, самарали сув тежамкор замонавий технологияларни жорий қилиш борасидаги вазифалари пахтачиликда юқори самарадорликка эриши учун замин яратади.
Мазкур қарор асосида Андижон вилоятининг Улуғнор туманида илмий тадқиқот ишлари олиб борилишининг белгиланганлиги вилоятимиз олимларини мамнун этди. Улуғнор туманининг табиий шароити пахтачилик йўналишида кенг имкониятларга эга бўлиши билан бирга, алоҳида илмий-тадқиқот ишлари олиб боришни ҳам талаб этади. Бугунги кунда дунёда қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири бўлган ғўза экинини турли стресс омилларга, касалликларга ва зараркунандаларга генетик жиҳатидан чидамли бўлган бошланғич манбалар ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг ёввойи аждодларидан фойдаланиш ҳисобига маданий экинларни яратиш, генетик имкониятларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, пахтачилик истиқболи учун устувор йўналишларни кенгайтириш ҳамда дунё миқёсида рақобатбардош ва тола сифати юқори бўлган ҳосилдор ғўза навларини яратиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу ўринда, турлараро дурагайлаш ва экспериментал полиплоидия услубларини қўллаш асосида ғўза генофондини ўзида ноёб белгиларни мужассамлантирган, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган ҳамда турли хил муҳит шароитларга тез мослаша оладиган ҳосилдор ғўза навлари билан бойитиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Мутахассис сифатида ишонч билан айта оламанки, юқорида қайд этилган қарор соҳа олимларининг изланиш ва кашфиётларини қўллаб-қувватлаш, пахтачилик соҳасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга, пировардида ҳосилдорлик ва олинаётган даромадни ошириш, энг асосийси, деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатларини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Беҳзод Сирожиддинов,
Андижон давлат педагогика институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,
биология фанлари доктори (DSc), доцент.