Пахтачилик қишлоқ хўжалигида асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари эса соҳа олдига янгидан-янги вазифалар қўйиб, илм ва инновацияларни жорий қилишни тақазо этмоқда.
Шу сабабдан пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажми ва даромадни ошириш мақсадида жорий йилнинг 7 июлида “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиб, бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
– Кенгаш раиси ва умумий раҳбарлик Инновацион ривожланиш вазирига юклатилди, – дейди Навоий вилояти Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шаҳобиддин Холбоев. – Ҳар йили ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, уларнинг супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича илмий ташкилот ва уруғчилик корхонасини белгилаш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос энг мақбул навларни кўпайтириш ва экиш бўйича кластерларга топшириқлар бериш, тупроқ унумдорлиги, унинг кимёвий ва биологик хусусиятларининг илмий таҳлили асосида қўлланилиши мумкин бўлган кимёвий ва органик ўғитлар бўйича тавсиялар бериш кабилар Кенгашнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Шунингдек, ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарадор препаратларни қўллаш юзасидан кўрсатмалар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, кластерларга ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос ғўза навларини экиш ва уруғларини кўпайтириш, пахтачиликда сув ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар бериш, хусусий секторни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий ҳамда хусусий уруғчилик кластерларини ташкил этиш ва бу орқали рақобат муҳитини яратиш каби ишлар ҳам бевосита Кенгаш томонидан амалга оширилади.
Республика бўйича Пахтачилик кенгаши фаолияти дастлаб 13 та туманда амалга оширилиб, Навоий вилоятида Навбаҳор тумани танлаб олинган.
“Navbahor Tekstil” МЧЖ томонидан 2022 йил ҳосили учун туманда фаолият юритаётган 184 та фермер хўжаликларига тегишли 7 минг 300 гектар ер майдонидан 26 минг 522 тонна пахта хомашёси етиштириш бўйича контрактация шартномалари имзоланган эди. Мазкур фермер хўжаликларининг ер майдонларига “Бухоро – 102” ғўза нави экилиб, парвариш қилинди. 1550 тонна аммофос, 5300 тонна азотли ва 755 тонна калийли ўғитлар сарфланди. Шартнома режаси 26 минг 594,4 тонна қилиб, 100,16 фоизга бажарилди.
Кенгаш томонидан ҳудудларда олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари Навбаҳор туманининг “Янги йўл”, “Бешработ”, “Янги қўрғон”, С.Жўраев ҳудудларидаги фермер хўжаликларида бўлиб, ғўза парвариши, суғориш тартиби, минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар билан тупроққа ва ғўза баргига ишлов бериш, тупроқнинг ҳолати ҳамда танланган ғўза навини жойларда мослигини ўрганди.
Ишчи гуруҳ тупроғи ўртача шўрланган ва шўрланган ҳудудларда ер ости сизот сувлари яқинлиги сабабли “Бухоро-102” навининг ғовлаш ва вильт касаллигига чалиниш ҳолатларини аниқлашди. Улар тупроғи ўртача шўрланган ва шўрланган ҳудудларга вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос ҳолда яратилган С-01 ғўза навини тавсия этишди.
Ушбу С-01 ғўза нави кейинги 12 йил давомида вилоятда селекция йўналишида олиб борилган танлаш ва илмий изланишлар натижасида яратилиб, 2016 йилда вилоят тупроқ-иқлим шароити учун Давлат нав синовида истиқболли нав деб топилган ва ушбу нав учун патент олинган. 2022 йилда С-01 ғўза нави районлашган навлар реестрига киритилди.
Ишчи гуруҳи томонидан тумандаги 22 та уруғчилик фермер хўжаликларига қарашли 700 гектар ер майдони тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди ва 115 гектар уруғлик ғўза майдони яроқсизлиги бўйича далолатнома тузилди. Шунингдек, “Камар ёғдуси”, “Остон бобо 2001”, “Бунёд Зиёд орзуси” фермер хўжаликларида пахта экилган майдонларда тупроқ микрофлораси ўрганилди. Пахта майдонларида биостимуляторлар қўлланилиб, уларнинг натижалари таҳлил қилинди.
– Пахтачилик кенгашининг туман Ишчи гуруҳи томонидан пахта экилган дала майдонларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида семинар тренинг ўтказилди, – дейди Ш.Холбоев. – Якунда Навбаҳор тумани учун мақбул, районлаштирилган ва истиқболли навларни танлаб, келгуси йил учун “танловли питомник”ни ташкил қилиш режаси ишлаб чиқилди. Туманда навларни алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш мақсадида Ишчи гуруҳ томонидан туманнинг тупроқ иқлим шароитига мос келадиган янги навларни жойлаштариш бўйича ҳудудлар танлаб олинди.
Шунингдек, Навбаҳор туманидаги биолабораториялар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилган ҳолда ғўза зараркунандаларига қарши биологик воситалар ишлаб чиқиш инфратузилмасини замонавий талабларга мувофиқ қайта ташкил этиш ва жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда. Биолаборатория ишчи ходимларига тўланадиган иш ҳақилари қайта кўриб чиқиляпти. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти томонидан биолабораторияни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш концепцияси ишлаб чиқилди.
– 2023 йилда пахта навларини жойлаштириш режаси бўйича “Navbahor tekstil” МЧЖ билан келишган ҳолда 9 та ҳудудда 6 минг 600 гектар ер майдони ажратилди, – дейди Ш.Холбоев. – Жумладан, 5440,2 гектар майдонга Бухоро-102, 891,8 гектар майдонга “С-01”, 34,8 гектар майдонга “Порлоқ-4”, 39 гектар майдонга “Равнақ-1”; 26,1 гектар майдонга “Марварид”, 38,8 гектар майдонга “Порлоқ-5”, 20,3 гектар майдонга “Ан-боёвут-2”, 23,1 гектар майдонга “Султон”, 23,9 гектар майдонга “ЎзФА-710”, 24,1 гектар майдонга “Шарофат”, 21,2 гектар майдонга “Афсона”, 17 гектар майдонга “С-6601” навларини экиш тавсия қилинди.
Албатта, бу каби олиб борилаётган ишлар ҳар бир ҳудудда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ўсимликлар зарарланишининг олдини олиш, энг муҳими пахта ҳосилдорлигини ошириш ва пахта толасининг сифати яхшиланишига хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА.