Президент қарори ижрода: аҳоли даромад манбаи ортмоқда
Бухорода “Ekvatorial Chodak” фабрикаси иш бошлади. Секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари ва енгил саноат корхонаси ишчи–мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.
– Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади.” Шу маънода, бугун биз нафақат вилоятимиз тўқимачилик саноати ривожига ҳисса қўшадиган, балки янги ва йирик меҳнат жамоаси орқали аҳоли хонадонларига ҳам даромад олиб кирадиган корхонанинг очилиш маросимига тўпландик, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. – Фабрикани бунёд этишда жонбозлик кўрсатган лойиҳачи ва қурувчилар, ишчи-муҳандислар, барча масъулларга миннатдорлик билдираман. Инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда ҳар жиҳатдан афзал бўлган бу корхонанинг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатнинг яна бир амалий ифодасидир.
Шундан сўнг, корхонанинг рамзий алвон лентаси қирқилди. Тантанада йиғилганлар муҳташам фабрикада яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Корхонада тикиш-бичиш, лойиҳалаш цехлари, омбор, ишчилар учун дам олиш хоналари, ошхона ва бошқа бўлимлар замонавий кўринишда ва талаб даражасида жиҳозланган. Айни кунда 300 дан ортиқ чеварни ўзида жамлаган тикиш цехи павильонида эса меҳнат жамоалари учун махсус коржомалар, шунингдек, жинси матосидан шим ва кенг ассортиментдаги кийим-кечак буюртма асосида пешма-пеш тикиб тайёрланмоқда.
[gallery-9925]
– Икки йил аввал Вобкент туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабида тикувчилик мутахассислиги кўникмаларини эгаллаб, сўнг Косари қишлоғидан Дилором Ғиёсова, Росбадан қишлоғидан Моҳина Жабборова, Сўфилар қишлоғидан Ҳилола Ражабова, Қурувчи маҳалласидан Умида Каримова, Вобкент маҳалласидан Нилуфар Камолова, Чўрикалон қишлоғидан Шаҳриноз Сафарова сингари тикувчи чеварлар билан бирга тумандаги “G’ayrat Ekvatorial Chodak” МЧЖ тикув фабрикасига ишга кирганмиз, – дейди Вобкент тумани “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғини, Навбаҳор кўчасида яшовчи Наргиза Ёдгорова. – Ҳозирда мен вилоят марказида очилган “Ekvаtorial Chodak” фабрикасида ишимни давом эттираётганимдан хурсандман. Бу ердаги қулай шарт-шароит бизга манзур. Ойлик маош ҳам 1,5-2 миллион сўм атрофида экан. Ҳатто туманлардан қатнаб ишлашга тайёр бўлган чеварлар учун алоҳида транспорт хизмати ҳам таклиф этилаётгани биз, сингари ишчилар учун айни муддао.
Маълумот учун, Бухоро шаҳрининг Жўйбор кўчаси, 162-уйда жойлашган, собиқ Исмоил Фозилов номидаги трикотаж фабрикаси сифатида танилган мазкур корхона ишлаб чиқаришдаги инқирози туфайли парокандаликка юз тутган ва орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтиб бўш ва қаровсиз, ташландиқ ҳолга келган эди. Унинг бўш турган бино-иншоотлари вилоят енгил саноат тармоғига сармоя киритиб, Вобкент ва Шофиркон туманларида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Ғайрат Чодак” субъектига 18 ой давомида 8 миллион AҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва дастлабки босқичда 750 та янги иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилган.
Мана, икки йилдирки янгиланиш ва мукаммал таъмирлаш, замонавий технология асосида жиҳозлаш ишлари олиб борилган мажмуада инвестиция мажбуриятларини ўз зиммасига олган “Ғайрат Чодак” МЧЖ томонидан ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди. Умумий 3,7 гектарни эгаллаган ҳудуд ишлаб чиқариш мажмуасига айлантирилди.
Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ғайрат Чодак” МЧЖ томонидан қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ва йилига 3 миллион дона “Жинси матосидан тайёр тикувчилик маҳсулотлари ва спорт оёқ кийимлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши, шунингдек, яна обод ва гавжум масканга айлантирилаётган тўқув, бўёқ ва тикув фабрикаси яхлит фаолият кўрсатиши ҳисобидан бунда умумий 1 минг 300 дан ортиқ кишини иш билан таъминлаш, ишлаб чиқариш фаолиятини барқарор изга солиш кутилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, мазкур лойиҳа самараси ўлароқ, вилоятда меҳнат жамоалари учун махсус кийим-кечак билан бирга жинси матосидан тайёр тикувчилик маҳсулотлари ва спорт оёқ кийимлари ҳам ишлаб чиқариши йўлга қўйилмоқда. Бу орқали эса вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари учун қўшимча 10 миллион АҚШ долларига тенг захира базаси яратиш ҳамда 20 миллион АҚШ долларига тенг қийматда импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, қолаверса, давлат бюджетига 12 миллиард сўмлик қўшимча тушумлар киритиш имконияти яратилмоқда. Ажратилган сармоянинг 6,5 миллион AҚШ доллари “Халқ банки” вилоят филиалига тегишли бўлиб, 3 миллион AҚШ доллари тадбиркорнинг шахсий маблағи ҳисобланади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА