Президент қарори амалда: шахмат янада ривожланади
Шахмат ақлни чархловчи, хотирани мустаҳкамловчи ҳамда кишини фикрлаш ва оқилона қарор қабул қилишга ундовчи спорт турларидан бири саналади. Қадимдан аждодларимиз ҳам шатранж (шахмат) ўйини билан мунтазам шуғулланиб келган. Шуни таъкидлаш жоизки, Амир Темур даврида ҳам бу ўйин кенг урф бўлган. Соҳибқироннинг ўзи шатранжни маҳорат билан ўйнаган, унинг билимдонларини саройга таклиф этган. Бу ҳақида тарихчи Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: “(Амир Темур) ўз фикрини пешлаш мақсадида муттасил шатранж ўйнарди. Унинг ҳиммати кичик шатранж (ўйнаш)дан олий бўлиб, катта шатранж ўйнарди”.
Алишер Навоий ҳам шахматни маҳорат билан ўйнаган, бу қадимий ўйиннинг назарий жиҳатларидан яхши хабардор бўлган. Жумладан, “Лисон ут-тайр” ва “Садди Искандарий” достонларида, “Мажолис ун-нафоис” асарида шатранж юриш қоидалари ва у орқали чиқариладиган хулосалар битилган сатрларни учратиш мумкин.
Яқиндагина ёш шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоровларнинг Нидерландияда ўтказилган мусобақада эришган натижалари барчамизни бирдек қувонтирди. Улар дунёнинг энг кучли шахматчиларини доғда қолдириб, совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

Президентимизнинг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори эса юртимизда янги авлод вакиллари орасидаги ақл-заковат эгалари интеллектини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам спортнинг шахмат тури ривожланмоқда. Бунда Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган турли танловлар муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган “Ҳоким кубоги” мусобақасининг маҳалла босқичида 4 минг 200 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.

– “Ҳоким кубоги” ва Рокировка мусобақаларини ўтказишдан мақсад ёшлар ўртасида спортнинг шахмат турига қизиқишни ошириш, уларни янги ғалабалар сари рағбатлантириш ва бу билан Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда баланд ҳилпиратадиган янги чемпионлар етишиб чиқишига ўз ҳиссамизни қўшишдир, – дейди Ўзбекистон Шахмат федерацияси Навоий вилояти бўлими раиси Умид Баҳромов. – Тадбир ва мусобақаларни ташкил этишда Ёшлар ишлари агентлиги кўмаклашмоқда.
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида ҳар ҳафта шанба куни ўтказилаётган “Рокировка” турнирида ҳам 100 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этмоқда.

– Шахматга жуда қизиқаман, – дейди Фирдавс Нарзуллаев. – Ундаги комбинацион юришлар, ҳаяжонли лаҳзалар, ғолиблик нашидаси ҳар бир ёш спортчини руҳлантиради. Ёшлар марказида бўлиб ўтган “Рокировка” шахмат мусобақасида биринчи ўринни эгалладим. Келажакда Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида иштирок этиш ва ғолиб бўлиш ниятим бор. Устозим мен билан алоҳида ишлаяпти, камчиликларимни тушунтиряпти. Ушбу халқаро мусобақада ҳам юқори натижани қўлга киритишимга ишонаман.
Айтиш жоизки, 2022 йил 5 августдаги “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори билан Навоий вилоятида ҳам Халқаро шахмат мактаби ташкил этилди. Бу вилоят ёшлари учун жуда катта имкониятдир.
Абдували Бўриев,
ЎзА