Мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, оилавий тадбиркорлик, ёшларни бизнесга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Бухоро вилоятида ҳам “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 2023 йилда 37 минг 164 та фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 922,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. 38 минг 500 нафардан ортиқ фуқаролар бандлиги таъминланди. Шу ўринда яна бир маълумот, ўтган йили Бухоро вилоятида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларнинг 456,7 миллиард сўми 20 минг 240 нафар аёлларга, 336,5 миллиард сўми 13 минг 324 нафар ёшларга ажратилди. Бу 35 мингга яқин оиланинг фаровонлигини оширишга хизмат қилди.
Миршод Шеров ҳам оддий ҳавас ортидан ўз оиласи учун яхшигина даромад манбаини яратди. У беданачилик тармоғини ривожлантириб, айни пайтда ойига 10 миллион сўмдан зиёд фойда кўрмоқда.
– Дастлаб ҳавас орқали 100 бош бедана парваришладим, – дейди М.Шеров. – Даромади яхши экан. Давлатимиз томонидан берилаётган имкониятдан фойдаланиб имтиёзли кредит олдим. Бедана сонини 10 мингтага етказдим. Келажакда режаларим беданалар сонини 2-3 бараварга ошириш.
[gallery-16461]
Яшаш уйида биргина тикув машинаси билан иш бошлаган оила бекаси бугун атрофига 70 дан зиёд хотин-қизларни жамлаган. Бухоро шаҳридаги “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган корхона қисқа фурсат ичида хориж бозорларидан ҳам ўз ўрнини топди.
–Асосан трикотаж материаллардан кийимлар тикилади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Дилноза Шодиева. – 70 дан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминлаганмиз. Цехимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Давлат раҳбарига раҳмат. Биз, тадбиркорларга айниқса, аёлларга катта имкониятлар яратиб бериляпти. Айни кунда маҳсулотларимизни Россияга экспорт қиляпмиз. Экспорт географиясини яна кенгайтирамиз.
Аёллар ва болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган жамият эндиликда ишчи ўрнини икки баробарга кўпайтириб, маҳсулот ҳажмини ҳам янада оширмоқчи. Бу табиийки, ҳудудга туташ маҳаллалардаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
– Маҳалламизда мана шундай тикув цехи очилганидан хурсандмиз, – дейди корхона ишчиси Насиба Авезова. –Уйда ҳам тикиш-бичиш билан шуғулланардим. Энди эса аниқ иш жойим бор. Маошларимиз ўз вақтида бериляпти. Янги тикув машиналари олиб келинди.
Бухоро шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласида ҳам давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар натижасида “Олим Шарипов ЯТТ” миллий ширинликлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолият бошлади. 20 киши ишлаётган жамият бир йилда 500 миллион сўмдан зиёд даромад кўрмоқда.
– Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида банкдан имтиёзли кредит олдик, – дейди тадбиркор Шаҳноз Набиева. – Ширинликлар, ярим тайёр ҳамда нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаряпмиз. Келажакда яна 50 та иш ўрни яратишни ва катта жамоа бўлиб ишлашни мақсад қилганмиз.
Замонавий эшик ва деразалар тайёрлаб, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келаётган Чорбахоса маҳалласидаги тадбиркорнинг ҳам фаолият кўлами йилдан йилга кенгаймоқда. Жадал суратда давом этаётган қурилишлар сабаб корхона маҳсулотларига талаб ошяпти.
Ахтам Фозилов ўз хонадонидаги мавжуд томорқасида 5 сотих майдонда лимончилик фаолиятини йўлга қўйиш учун давлатдан имтиёз асосида кредит олган эди. Ҳозирда оиланинг барча вакиллари бунинг ортидан аниқ иш ўрнига эга бўлди. Когон туманининг Туткунда маҳалласида ташкил қилинган иссиқхона хонадон учун яхшигина даромад манбаига айланди.
Ахтам Фозилов билан бир маҳаллада истиқомат қилувчи Комил Тоҳировнинг ҳам ўйлаган режалари амалга ошди. Деҳқончиликнинг сир-асрорини пухта ўзлаштирган оила сардори иссиқхона қуриш учун давлат кўмагига таянди. Кўчатчилик билан шуғулланаётган ер эгаси ҳозирда ўзи кутгандек натижаларга эришмоқда.
Умуман олганда, “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури ижроси бугун аҳоли фаровонлигини ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим восита бўлмоқда. Жорий йилда дастур асосида Бухоро вилояти учун 384 миллиард сўм маблағ ажратилиши ва 15 мингдан ортиқ аҳолининг бандлигини таъминлаш назарда тутилган. Фақатгина бу эмас, талабдан келиб чиқиб, янги таклифларни шакллантириш ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.