Президент нутқлари мазмуни ёшларга тушунтирилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари мажлисларида сўзлаган нутқларида мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим масалалар айтиб ўтилди. Сиёсий партиялар ва уларнинг фракциялари олдида турган вазифалар ҳамда юртимиз эртанги кунини янада тараққий эттиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Айни кунларда мазкур тарихий нутқларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ва ундан келиб чиқувчи вазифаларни белгилаб олиш бўйича қатор тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ЎзЛиДеП партияси ва институт ҳамкорлигида ўтказилган тадбир айнан шу масалаларга бағишланди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги 7 йил ичида ёшларга оид 100дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжати қабул қилинди. Ёшларнинг инновация ва илм-фан соҳасидаги иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва юзага чиқариш бўйича самалари лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ёш йигит-қизларнинг парламентдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан Олий Мажлиснинг иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. Бугунги кунда ҳар иккала палата ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланди. Бу, ўз навбатида, ёшларга оид давлат сиёсатининг натижаси экани алоҳида қайд этилди.


Тадбир давомида таълим даргоҳида таҳсил олаётган фаол ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА