Президент нутқидан юраклар аланга олди
Халқимиз орзиқиб кутган байрам – истиқлол тантаналари бу гал юртимизда ўзгача, янгича руҳда нишонланди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи қалбимизнинг туб-тубигача кириб бориб, юрагимизда турган сўзлар, истаклар, аҳдлар, бурчлару, мақсадларимизни алангалатиб юборди. Мустақиллик байрами рамзий маънода янгича нишонланаётгани "Янги Ўзбекистон" боғида бўлиб ўтаётганидан бир нишона бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз халқи, миллати билан юзма-юз туриб, очиқлик ва ошкоралик билан ўтган давр, босиб ўтган йўлимиз, эришган натижаларимиз хусусида сўзлар экан, турли соҳаларда амалга оширилган ишлар, келгусидаги режа ва мақсадларимизда инсон манфаатлари, унинг қадр-қиммати, фаровон ҳаёти кўзланганлиги барчани тўлқинлантирди.
Баъзан наздимизда ҳаёт шиддат билан ўтаётгандек, тараққиёт ўзи одимлаётгандек, атрофимиздаги ўзгаришлар ва янгиланишлар гўё фасллар алмашинуви каби ўзи содир бўлаётгандек туюлади. Лекин ўтмишга теран нигоҳ ташлаб, кеча ва бугунни холис қиёс этиб, ҳаёт чархпалагини тинчлик билан айлантираётган механизм тўғрисида ўйлаб кўрганмисиз?
"Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда" – дейди самимият замирида ҳалол машаққатни зикр этган доно халқимиз. Дарҳақиқат, не-не баланд тоғлару, қоронғу довонларни босиб ўтишимизга тўғри келди. Азиз ва муқаддас санага ёруғ юз билан, ёруғ истиқбол билан, ёрқин натижалар билан етиб келмоқ осон бўлгани йўқ. Элимиз эрки, миллатнинг иззат-ҳурмати, ор-номуси, ғурури учун бош кўтарган истиқлол курашчилари, фарзандларимизни маърифатли қилиш истагида ёнган жадидчиларимиз, халқни мустамлака зулмидан халос этмоқни бурчи деб билган шерюрак баҳодирларимиз шу осуда кунларни қанчалик орзулаган эди.
Президентимиз томонидан қайд этилгандек, биз бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги мамлакатни, эркин фуқаролик жамиятини барпо этар эканмиз, сиёсий-ҳуқуқий пойдевори мустаҳам бўлган жамиятни шакллантириш, инсон ҳуқуқлари ва унинг қонуний манфаатларини энг олий даражага кўтариш, сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш сари илдам бормоқдамиз. Албатта, амалий ҳаракатларимизнинг самараси ҳам бугун жаҳонга бўй кўрсатди. Бу борада инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг қабул қилиниши, биз учун оғриқли масала бўлиб келган – мажбурий ва болалар меҳнатининг тугатилиши, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролик масаласи бўйича чақириғига жавобан, ўтган йиллар мобайнида 50 мингдан ортиқ юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилиши чинакам тарихий воқелик бўлди.
Шу ўринда биргина олий таълим тизимида амалга оширилаётган оламшумул ислоҳотларни эътироф этмоқ жоиз.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида бир тарихий ҳақиқатни айтиб, таълим ўзгарса инсон ўзгариши, инсон ўзгарса – бутун жамият ўзгаришини таъкидлаб ўтди. Ушбу ҳақиқатнинг жонли акси бугун ёшларимиз ҳаётида, интилишида, эришаётган ютуқларида очиқ ва ойдин кўринмоқда. Яқин 5 йил ичида 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилгани, ҳозирда уларнинг сони 141 тага етказилгани, мислсиз даражадаги ўсиш бўлган – қабул квотасини 3 баробар оширилгани бу – Президент ёшларни мамлакат тараққиёти моделига айлантираётгани, ҳар қадамда уларни қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин исботидир.
Шу билан бирга, жорий йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ёшларга оид давлат сиёсатининг янги, муҳим босқичга кўтарилганини кўрсатди. Тарихий ҳужжатнинг ҳар бир бандида Ўзбекистон ёшларининг меҳнат фаолияти, таълим олиш жараёни, оила ва жамиятдаги мақсадларини амалга оширилишига кўмак берилиши, ёш авлод манфаатларининг чуқур ҳимояси ўз ифодасини топади.
Ўзбекистонда ёшларни билимли ва малакали қилиб тарбиялаш, жаҳон стандартларига мос келувчи илғор кадрлар этиб етиштириш учун пухта ўйланган, узоқ муддатли изчил тизим амалга оширилиб, ёш авлодга катта имкониятлар берилмоқда. Янги ўқув йилидан 22-28 фоизли 3 йиллик таълим кредити 14 фоизга туширилиб, 7 йилга бериладиган бўлди. Кредитни қоплашга йўналтириладиган маблағлар эса солиқдан озод қилинади. Қувонарлиси, дунё миқёсида ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасаларини битирган ва четда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.
Юртбошимизнинг эътибори ва рағбатидан куч олган, янги ташаббус ва мақсадлар сари қадам қўяётган ёш авлод эндиликда юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкори, деган эътирофга яраша интилиши, изланиши даркор. Қолаверса, дунё миқёсида рақобат кескин тус олаётган давр фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқлар билан қуролланиш лозимлигини кўрсатади. Бу борада ёшларнинг таълим-тарбияси, она Ватанга, Истиқлол ғояларига садоқати, миллий қадриятларга эҳтироми, буюк аждодларга муносиб ворислик эътиқоди бизни Янги Ўзбекистон истиқболига етаклайди, албатта.
Муносабатим хулосаси сифатида айтишим зарурки, бугун шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро "Янги Ўзбекистон"га муносиб бўлмоқлиқ учун шунчаки яшамаслиги, меҳнат қилганда ҳам шунчаки ишламаслиги, унинг борлиги, мавжудлиги, ураётган юрагининг чўғи, тафти Ватанга сезилиб туриши шарт.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, доцент