Президент мурожаатномаси - олимлар нигоҳида
Тошкент давлат юридик университетида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси - олимлар нигоҳида” мавзуида республика илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди.
Унда ТДЮУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ҳуқуқшунос олим ва мутахассислар, университет қошидаги академик лицей ўқувчилари, Олмазор тумани мактаблари ўқитувчилари ва журналистлар иштирок этди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов, кафедра мудири Сардорбек Юсупов давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилгани замирида айнан шу мақсад мужассам .
Мурожаатномада таъкидлаб ўтилганидек, биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.
Бу борада университет профессор-ўқитувчилари олдида муҳим вазифалар турибди. Бунда юридик фан ва таълимни янада такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, профессионал юридик таълим, аввало, жамият ҳуқуқий маданиятининг муҳим қисми ҳисобланади ва уни юристларнинг бир авлодидан кейингисига етказади.
Қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган, ҳар бир соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар кўп жиҳатдан айнан ёш ҳуқуқшунослар салоҳияти ва илмий кадрларнинг имкониятига боғлиқ.

Бу, аввало, ўқитиш услубиёти ва ўқув дастурларини тубдан янгилаш, замонавий дарсликларни яратиш, таълимга ахборот технологияларини жорий этиш, фаол халқаро интеграция демакдир.
Эндиликда юридик кадрларни нафақат давлат ва нодавлат секторда фаолият юритиш учун, балки инновацион ёндашув асосида соҳага оид фаолият билан шуғулланувчи фрилансер ёки стартап-акселератор каби бутун дунёда талаб катта бўлган мутахассисларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ эканлиги анжуманда алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда университетда инновацияларни жорий этиш йўналишидаги ишлар изчил давом эттирилади. Жумладан, ҳозирда ТДЮУда “Ҳуқуқингиз бор” инновацион лойиҳаси орқали долзарб ва қизиқарли мавзуларда нафақат ҳуқуқий-оммабоп рисолалар, балки Android ва iOS операцион тизимлари учун мўлжалланган “Huquqiy Shahar” мобиль иловалари фойдаланувчиларга тақдим этилмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқий тарғибот соҳасига инновацион ёндашувларни жорий қилиш орқали аҳоли ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида юридик таълимнинг услубий асосларини янада такомиллаштиришга йўналтирилган илмий фаолиятни жонлантириш ҳақида сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига ҳуқуқшунос олимларнинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришнинг долзарб вазифалари, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсат каби йўналишлардаги маърузалари ҳавола этилди.
Тадбир якунида юридик таълим ва фан олдида турган вазифалар белгилаб олиниб, уларни амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА