Ҳар бир мамлакат тараққиёти кўп жиҳатдан истеъдодли болаларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ўстириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмак бера оладиган таълим тизимини яратишга боғлиқ.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида “Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак” дея таъкидлаган эди. Ана шундай эзгу ният ва мақсадлар натижаси ўлароқ, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Бугунги кунда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангировнинг маълум қилишича, ушбу мактабларга ўқувчилар қабули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган низомлар асосида ташкил этилади. Шунингдек, 2024-2025 ўқув йили учун агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилдаги тегишли йиғилиш баёни тасдиқланди.
Қайд этилишича, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга қабул жараёнлари июнь ойидан бошланади, имтиҳонлар эса июль ойида ўтказилади. Шунга кўра, мактабларга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг июнь ойида ҳамда кириш имтиҳонлари июль ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Президент мактабларига ўқувчилар белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида иккита синфга бир хил – 12 нафардан, жами 24 нафар ўқувчи ҳамда ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга агентлик томонидан белгиланган квота доирасида ўқувчилар қабул қилинади.
Ҳужжатлар қай тарзда топширилади?
Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчиларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари томонидан қуйидаги ҳужжатлар онлайн шаклда Агентликнинг расмий веб-сайти ariza.piima.uz орқали қабул қилинади:
– ўқувчиларнинг тегишли ўқув йили натижасига кўра баҳолар табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси;
– имтиҳон рухсатномасини шакллантириш жараёнида фойдаланиш учун ўқувчиларнинг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;
– ўқувчиларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ва уларнинг ота-онаси (қонуний вакили) фуқаролик паспорти маълумотлари, боғланиш учун мобиль телефон рақамлари.
Ҳужжат топшириш жараёнида ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили) кириш имтиҳонлари шартлари ва талаблари билан танишганлиги тўғрисидаги онлайн офертани тасдиқлайди. Ўқувчилар Президент мактаби ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топшириш жараёнида уларга ихтиёрий равишда ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабларидан бирини қўшимча танлаш имконияти берилади.
Бунда Президент мактаби кириш имтиҳонининг 2-босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ўқишга кира олмаган ўқувчилар ҳудуддаги ўзи танлаган ихтисослаштирилган мактабига белгиланган квота доирасида, тўплаган баллари кетма-кетлиги бўйича имтиҳонсиз қабул қилинади. Бунда квота доирасидан ошиб кетса, имтиёз қўлланилмайди.
Рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичи ёки унга тенглаштирилган босқичида математика, информатика, физика, кимё, биология фанларидан ғолиб ва совриндор бўлиб, 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади.
Бундан ташқари, ўқувчилар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига ҳамда Абу Али Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг 7-синфига ҳам алоҳида ҳужжат топшириши мумкин.
Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон ва Самарқанд вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилди. Ушбу мактабларга 2024-2025-ўқув йили учун фақат шу ҳудуднинг ўқувчилари ҳужжат топширадилар. Бу каби мактаблар келгуси йилларда босқичма-босқич қолган барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА