АОКАда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда қайд этилишича, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида бугунги кунда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернати фаолият кўрсатиб келмоқда.
2024-2025-ўқув йили учун Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги тегишли баёни тасдиқланди.
Ўқувчиларнинг ҳужжатларини онлайн шаклда қабул қилиш, шунингдек, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун Агентлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда ҳудудлардаги барча Президент мактабларида ҳар куни соат 9:00 дан 19:00 гача ишлайдиган Мурожаатлар маркази (call-center) фаолияти йўлга қўйилди. Фуқаролар Мурожаатлар маркази билан “1206” қисқа рақами орқали боғланиши мумкин.
Шунингдек, мактабларга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 1-20 июнь кунлари ҳамда кириш имтиҳонлари июль ойида ўтказилиши режалаштирилган. Президент мактабларининг 5-синфига белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида 336 нафар, ижод мактабларининг 7-синфига 400 нафар ҳамда ихтисослаштирилган мактабларнинг 5-синфи (аниқ фанлар йўналиши)га ва 7-синфи (табиий фанлар йўналиши)га 7 минг 960 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Ҳужжат топшириш жараёнида уларга ихтиёрий равишда ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаблардан бирини қўшимча танлаш имконияти берилади. Бунда, Президент мактаби кириш имтиҳонининг 2-босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ўқишга кира олмаган ўқувчилар ҳудуддаги ўзи танлаган ихтисослаштирилган мактабга белгиланган квота доирасида, тўплаган баллари кетма-кетлиги бўйича имтиҳонсиз қабул қилинади.
Шунингдек, рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичи ёки унга тенглаштирилган босқичида математика, информатика, физика, кимё, биология фанларидан ғолиб ва совриндор бўлиб, 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади.
4-синфни тамомлаган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳудудидаги Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаб ва Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига, 6-синфни тамомлаган ўқувчилар ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатининг табиий фанлар йўналишига, Мирзо Улуғбек номидаги ёки Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига ҳам алоҳида ҳужжат топшириши мумкин.
Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилди. Ушбу мактабларга 2024-2025-ўқув йили учун фақат шу ҳудудда истиқомат қилувчи талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинади. Бу каби мактаблар келгуси йилларда босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА