Тошкент шаҳрида жойлашган Президент мактабида job.piima.uz сайти тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу сайт орқали ўқитувчилар Агентлик тизимидаги бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда мавжуд вакантлар бўйича ишга ҳужжат топширишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги вазифалари қаторида тасарруфидаги мактаблар педагогик кадрларини танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий қилиш кабилар асосий ўринни эгаллаган эди. Бу сайтнинг яратилиши эса, Агентлик тасарруфидаги мактабларга ишга кирмоқчи бўлган педагоглар учун катта қулайлик туғдиради.
Пресс-тур давомида журналистлар мактаб кутубхонаси, ошхонаси, робототехника, мусиқа хоналари, ётоқхона ва чет эллик ўқитувчилар учун меҳмонхоналар билан таништирилди. Ўқувчиларнинг дарс машғулоти, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган турли хил тўгараклар фаолияти ҳақида кенг маълумот берилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жойлашган Президент мактабида жами 144 та ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 10 нафар чет элдан таклиф қилинган ўқитувчи билан бир қаторда 22 нафар маҳаллий ўқитувчи ҳам юқори савия ва чет мамлакатлар таълим стандартлари даражасида сабоқ бермоқда.
– Мактабимизда ўқувчилар билан бир қаторда ўқитувчилар учун ҳам барча шарт-шароит яратилган. Ўқитувчилар дарс жараёнларидан ташқари ўз устида ишлаши, ижод қилиши учун барча имконият мавжуд. Ҳар бир ўқитувчи замонавий компьютер билан таъминланган ва чет эл таълим тизимидаги янгиликлар билан таништирилиб борилади,– дейди Селекция ва педагоглар малакасини ошириш бўлими бошлиғи Н.Қўчқорова.
job.piima.uz сайтини яратишдан асосий мақсад агентлик тасарруфидаги мактабларга ишга кирмоқчи бўлган педагогларнинг саралаш босқичлари шаффофлигини таъминлашдан иборат. Бу сайт орқали ҳар бир бўш вакант ўрин учун номзод ариза топшириши, ҳужжатлар тўлдириши ва саралаш босқичидан ўтиш жараёнларини кузатиб боради.
– Бу йил илк қалдирғочларни мактабимиздан учирма қиламиз. Улардан умидимиз жуда катта. 11-синф битирувчиларидан 21 нафари чет эл университетларига ҳужжат топшириб, турли хил грантлар ютиб олишди. Битирувчи ўқувчиларимизга керакли бўлган университетлар ҳақида ҳам кенг маълумот берамиз. Бизнинг асосий мақсадимиз келажакда юртимизга нафи тегадиган етук кадрларни тарбиялаш.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ўқитилаётган фанларимиз ватанпарварлик ғоялари билан суғорилгандир, – дейди Президент мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Меҳринисо Шаймардонова.
Файзулло Яҳёев, ЎзА