Наманган вилоятининг Давлатобод тумани “Юксалиш” массивидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги қошидаги тест синовлари маркази ҳамда Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ажратилган махсус ёпиқ зал биносида Президент мактабига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бошланди.
Ҳар икки мажмуада ташкил этилган имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўрилди. Ички ишлар органлари ходимлари жамоат тартибини сақлашга масъул бўлишса, вилоятдаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 250 дан зиёд муаллимлари имтиҳонларга кузатувчи сифатида бириктирилган.
Президент мактабининг 5-синфи учун мавжуд 24 та квота учун 5 минг 388 нафар ўқувчидан ҳужжатлар қабул қилинди. Нуфузли таълим масканига 2023-2024 ўқув йили учун қабул жорий йилнинг 10 июнидан 10 июлига қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди.
Ўқувчилар имтихонлар ўтказилаётган ҳар икки бинодаги жами 76 та гуруҳда тест синовларини топширди. Имтиҳон саволлари дунёга машҳур Кембриж университетининг “Cambridge assessment international education” бренди остида фаолият юритувчи имтиҳон кенгаши томонидан тайёрланган бўлиб, биринчи босқичда ўқувчилар белгиланган 60 дақиқа давомида математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест саволларини ишлади. Илк босқичдан ўтган 480 нафар даъвогар кейинги босқичда математика фанидан 40 та масала, инглиз тилидан 40 та тест саволларига жавоб топишлари лозим.
– Нажот – таълимда, нажот – илмда! Бу бежиз айтилмаган. Фарзандларимни зиёли қилиб тарбияладим, энди навбат набираларга. Набирам Оллоҳберди Мирзамаҳмудов Янгиқўрғон туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабини 4-синфини аъло баҳоларга тамомлади, – дейди меҳнат фахрийси Мунисхон Юсуфжонова. – Математика, мантиқ ва инглиз тили бўйича пухта тайёргарлик кўрди. Президент мактабига қабул қилинса, бундан бағоят бахтиёр бўламан.
Имтиҳон жараёнлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мутахассислари томонидан кузатиб борилмоқда.
– Замонавий ўқув даргоҳимиз Республикада биринчилардан бўлиб, 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилиб, дастлабки ўқув йилида 100 нафар ўқувчи қабул қилинган эди, – дейди мактаби директори Шуҳратжон Азибоев. – Якунланган ўқув йилида мактабни тамомлаган 24 нафар ўғил-қизнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан олий ўқув юртларига имтиёзли равишда давлат гранти асолсида қабул қилинди. Дарвоқе, мамлакатимиздаги халқаро олийгоҳларда ўқиш истагидаги битирувчиларимизга эса контракт пуллари давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи жорий йилнинг 31 июль куни бўлиб ўтади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА