Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар! 

Азиз дўстлар!

Авваламбор, юртимизда Конституциямиз ва қонунларимиз асосида, қизғин курашлар руҳида бўлиб ўтган сайловларда эл-юртимизнинг ишончини қозониб, Қонунчилик палатаси депутати деган юксак шарафга сазовор бўлган сиз, муҳтарам халқ вакилларини чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, фаолиятингизда янги-янги ютуқ ва омадлар тилашга ижозат бергайсиз.

Мен кўпчилик мана шу муҳташам залда ўтирганларни яқиндан билмасам ҳам, бугун сизларнинг иссиқ юзингизни, очиқ чеҳрангизни кўриб, ўзимни худдики сизлар билан яқиндан танишгандек ҳис қилмоқдаман.

Ҳар қайси инсоннинг ҳаётида унинг хаёлида, хотирасида умрбод сақланиб қоладиган унутилмас воқеалар бўлади.

Сизларнинг барчангиз учун бугун ана шундай катта хурсандчилик куни, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сизлар муяссар бўлган, юртимиз ҳаётида улкан воқеа бўлган бундай шарафга эришиш, яъни, халқ вакили бўлиб, беш йил давомида парламентда иш олиб бориш, сайловчилар билдирган юксак ишончни оқлаш – бу катта бахт, шу билан бирга, катта масъулият демакдир.

Ҳақиқатан ҳам, эл-юрт ишончига муносиб бўлиб, олдимизда турган буюк мақсадлар учун, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузини юксалтириш йўлида ўзини бахшида қилиш, вақти келганда, Ватанимизни янада равнақ топтиришда менинг ҳам қўшган ҳиссам бор, деб мамнун бўлиб, рози бўлиб яшаш ҳаммага ҳам буюрмайди.

Шу маънода, бугун мана шу гўзал ва ҳашаматли, янги тарихимиздаги кўп унутилмас воқеаларга гувоҳ бўлган бинога айни шундай ҳиссиётлар билан қадам қўяётган сиз, муҳтарам депутатларга жамоатчилигимиз, сайловчиларимиз, ўттиз бир ярим миллионли халқимиз гўёки оқ фотиҳа бермоқда, десам, ўйлайманки, адашмаган бўламан.

Менинг сизлар билан бугунги учрашув, бугунги чиқишимдан асосий мақсад – Олий Мажлиснинг аввалги таркибида иш олиб борган депутатлар фаолиятига баҳо бериш, янги сайланган парламентнинг вазифалари ҳақида сўз юритиш эмас.

Насиб этса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг яқинда бўладиган қўшма мажлисида бу ҳақда атрофлича, чуқурроқ гаплашиб оламиз.

Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, аввало, сиз, азизларим билан кўришиб, сизларни чин қалбимдан табриклаб, мамлакатимизни замон талаблари асосида, барқарор суръатлар билан тараққий эттириш, бунинг учун кенг кўламли демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, шу борада олдимизда турган энг долзарб масалалар ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазаларим билан ўртоқлашишни истардим.

Қадрли юртдошлар!

Бугун биз ғоят мураккаб, таҳликали ва қалтис бир замонда яшаётганимизни барчангиз яхши биласиз.

Ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ-яқин турли ҳудудларида юз бераётган ташвишли воқеалар, жумладан, бизнинг минтақамизда, ён-атрофимизда кучайиб бораётган хавф-хатарлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар, терроризм, радикализм, наркотрафикнинг тобора авж олаётгани тинчлик ва барқарорликка қандай катта таҳдид туғдираётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Мана шундай тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда биз ҳушёрлик ва сергаклигимизни йўқотмасдан, кимлар бизга хайрихоҳ, кимлар ғаразли кўз билан қараётганини, бугунги ҳаёт, бугунги давр бизнинг олдимизга қандай ўткир талаб ва вазифаларни қўяётганини чуқур англаб, огоҳ, сезгир ва сафарбар бўлиб яшашимиз талаб қилинмоқда.

Мана, собиқ Иттифоқнинг парчаланиб кетганига 23 йилдан ошди. Бир пайтлар унинг таркибида бўлган республикалар аста-секин оёққа туриб, қад ростлаб, мустақил тараққиёт йўлида қадам қўйишга интилмоқда.

Айнан бизнинг Ватанимиз – Ўзбекистонимизни оладиган бўлсак, Яратганга минг бора шукурлар бўлсинким, бугунги кунда, аввало, халқимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати ҳисобидан эришаётган ютуқ ва марраларимизни дўстларимиз ҳам, мухолифларимиз ҳам тан олмоқда, ислоҳотларимиз самарасини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Баъзи давлатлар, қани, биз ҳам шундай натижаларга эришсак, деб бизга ҳавас билан қараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Шу нуқтаи назардан қараганда, айрим собиқ иттифоқдош республикаларнинг бугунги ривожланиш даражаси ва улар дуч келаётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёти билан солиштирадиган бўлсак, ўртада қандай катта фарқ борлигини яққол кўриш, кузатиш қийин эмас.

Биз тарихан қисқа даврда, ўтган асрнинг 90-йилларида, энг оғир ва таҳликали бир шароитда ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, четдан бўлган турли тазйиқлар ва сохта ваъдаларга учмасдан, Ўзбекистонимиз учун яккаю ягона тўғри, яъни тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаб олганимиз, узоқни кўзлаб, етти ўлчаб бир кесган ҳолда, бошқача айтганда, шошма-шошарликка берилмасдан, “Мен минтақада биринчиман, мен дунёда биринчилар қаторидаман” деган мақтов сўзларни ишлатмасдан туриб, пухта ўйланган вазмин сиёсат олиб борганимизни бугун ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаб бермоқда.

Айнан ана шундай тўғри йўлни танлаганимиз туфайли мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимиз ва келгуси авлодларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитларини яратиш, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш бўйича улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўлни босиб ўтдик.

Бугун мустақил тараққиёт йўлимизни, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, авваламбор, бир ҳақиқатни такрор ва такрор айтишни ўринли деб биламан. Яъни, янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида биз илгари ҳеч қачон дуч келмаган, тажрибамизда учрамаган ўта оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтишимизга тўғри келди.

Ҳеч шубҳасиз, бу борада қандай муаммо ва синовларни, қийинчилик ва тўсиқларни енгишга тўғри келган бўлмасин, қандай суронли ва тўфонли кунларни бошимиздан кечирган бўлмайлик, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаган ва дадил қадамлар билан бораётган йўлимиздан, ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларимиздан қайтмадик ва ҳеч қачон қайтмаймиз, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Мана шундай ўта таҳликали вазиятда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, белни маҳкам боғлаб, қандай оғир бўлмасин, ўз йўлимизда қатъият билан давом этганимиз, чет мамлакатлардан таклиф қилинаётган сармояларни эл-юртимиз манфаатини кўзда тутиб, чуқур ўйлаб ишлатганимиз, такрор айтишим керак, биз учун энг тўғри йўл бўлди. Шу тариқа биз нафақат сиёсий, аввало, иқтисодий мустақиллигимизни сақлашга ва мустаҳкамлашга эришдик.

Маълумки, ўтган асрнинг 90-йилларида бошқа совет республикалари қатори Ўзбекистон ҳам мустақил тараққиёт йўлига ўтди. Мустабид тузумдан бизга қандай оғир, қандай ночор мерос қолгани, халқимиз қанча азоб-уқубатлар тортганини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. “Пахта иши” деган уйдирма ва бўҳтонлар, Марказдан юборилган, ўзини “десантчилар” деб атаган ёвуз кучларнинг қонунни, адолатни, халқимизнинг шаъни ва ғурурини оёқости қилиб амалга оширган кирдикорлари ҳақидаги бор ҳақиқатни тўла очиб бериш лозим. Афсуски, тарихчиларимиз, адибларимиз бу ҳақда кам ёзади. Ҳолбуки, биз учун олис тарих бўлган Амир Темур, Мирзо Улуғбек даври ҳақида қанча китоблар ёзилган. Ёзилиши керак ҳам. Айни пайтда биз бошимиздан кечирган кечаги кун, яқин тарихимизда рўй берган мана шундай фожиали воқеаларни ҳам бугунги ва келажак авлодларимизнинг онгу шуурига етказиш ҳақида ҳам бош қотиришимиз зарур. Униб-ўсиб келаётган ёшларимизни тарих сабоқлари билан, тарих ҳақиқати билан қуроллантириш лозим. Мактабларимизда, лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларимизда айни шу мавзуларни холис ва ҳаққоний ёритиб беришга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Бунинг учун аввало мустақилликка эришиш арафасидаги оғир кунларни бевосита кўрган, шу воқеаларнинг гувоҳи бўлган одамларнинг эсдалик ва хотираларини ёзиб олиш зарур.

Шуни эсда тутиш керакки, тарихни унутган халқ, жамият ўз йўлини йўқотади. Бундай халқ ва жамиятнинг келажаги йўқ.

Бугунги кунда баъзи мамлакатларда эски совет даврини қўмсаш, ўша замонга қайтиш учун турли уринишлар бўляпти. Айрим хорижий телеканалларда Ленин даврини, Сталин даврини, СССРни улуғлаш кайфиятлари кучайиб боряпти. Бундай қараш, бундай ёндашув бизга асло маъқул эмас. Бизнинг ўз ақлимиз, билим ва тажрибамиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган йўлимиз бор. Биз қарамлик ва тутқунликка қайтишга ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Ота-боболаримиз айтганидек, кўр ҳассасини бир марта йўқотади.

Мен Конституциямизнинг 22 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда билдирган фикримни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман – биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз. Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман.

Маълумки, иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб сиёсий мустақилликка эришиб бўлмайди. Ёдингизда бўлса, 90-йилларда четдан бизга маслаҳат берадиган, ақл ўргатадиган қандай “доҳий”лар, қандай иқтисодчилар майдонга чиққан эди. Улар бошқаларнинг тажрибасидан кўр-кўрона нусха олишга, мавжуд вазият, миллий хусусият ва анъаналарни четга суриб қўйиб, қанчалик урингани ҳали-ҳамон эсимизда.

Халқимизда бир эшикка киришдан олдин чиқишни ўйлаш керак, деган мақол бор. Ўзингиз ўйланг, қарз ҳисобида олган сармояларни қаёққа ишлатишни олдиндан пухта ўйламасдан, аниқ стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ўрнига бошқаларга ўхшаб, еб қўйган бўлганимизда, бугун қандай аҳволда бўлардик? Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур деб биламан.

Лекин ҳаммамизга яхши маълумки, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, шиддат билан, жадал суръатлар билан доимо олдинга интилади. Кимки ҳаётнинг тараққиёт суръатлари билан ҳамқадам бўлмаса, унга лоқайд ва беписанд қараса, эришган ютуқларига маҳлиё бўлиб, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилса, ҳеч шубҳасиз, тез ўзгариб бораётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетади. Бу – ҳаётнинг бешафқат, аччиқ ҳақиқати ва биз буни асло унутмаслигимиз керак.

Бугунги кунда биз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришга қаратилган олис ва оғир йўлнинг фақат бир қисминигина босиб ўтдик, холос. Унинг ҳал қилувчи қисми ҳали олдинда. Яъни, бу йўлда ўз ечимини кутиб турган вазифаларимиз камайгани йўқ, аксинча, замон талаби билан уларнинг кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бормоқда. Албатта, барчамиз бу ҳақиқатни яхши тушунамиз ва бу йўлда яна қанчадан-қанча кутилмаган қийинчиликлар, турли синовлар бўлиши мумкинлигини ҳам ўзимизга тасаввур қиламиз.

Бу борада ҳаётнинг ана шундай талаб ва мезонларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва ўтган давр мобайнида изчил жорий этиб келинаётган, амалда ўзини оқлаган, “ўзбек модели” деб ном олган тараққиёт йўлимиз ва Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ўрта ва узоқ истиқболда биз учун келажак Стратегияси бўлиб хизмат қилмоқда, аниқ йўлни кўрсатмоқда.

Қадрли депутатлар!

Сизлар ўз зиммангизга олган вазифаларни адо этишда, албатта, кўп жиҳатдан ўрганишга, тажриба топишга тўғри келади. Шунинг учун ҳам ўрганишга, ўз устингизда ишлашга, профессионал даражангизни оширишга доим тайёр бўлишингиз керак. Ҳар биримиз ўқиш-ўрганишдан ҳеч қачон тортинмаслигимиз зарур. Ҳамма нарсани биламан, деган одам янглишади. Қаранг, бугун болаларимиз ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлаб ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқда. Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, биз бошлаган ишларни давом эттиришга қодир бўлган бундай авлодни енгиб бўладими? Бугун биз ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга етишда ана шу навқирон авлодимиз ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Яна бир бор таъкидлайман, доимо ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш керак. Бугунги кунда қайси давлат юксак тараққиётга эришган бўлса – бу Жанубий Корея ёки Япония бўладими, Европа давлатлари бўладими – буларнинг барчасидан ўрганиш керак. Бу борада биз учун ҳеч қандай мафкуравий чеклашлар йўқ. Биз учун ягона мафкура – бу Ўзбекистоннинг тараққиёти, Ўзбекистоннинг равнақи, Ўзбекистоннинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслигидир.

Биз, давлатимизнинг ташқи сиёсат стратегиясига амал қилган ҳолда, турли сиёсий-ҳарбий блокларга қўшилмаймиз, ўз ҳудудимизда хорижий ҳарбий базалар ташкил қилишга йўл қўймаймиз. Бизнинг мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, аҳил ва иноқ бўлиб яшашдан иборат.

Барчамизга маълумки, депутат қайси партияга мансуб бўлмасин, биринчи навбатда, сайловчилар олдида, эл-юрт олдида жавоб беради. Партиялар жамиятнинг маълум бир қатлами манфаатларини ифода этадиган ва ҳимоя қиладиган куч сифатида парламентда бир-бирига рақиб ёки мухолиф бўлиши табиийдир.

Лекин ягона Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистон манфаати, ягона халқ манфаатлари ҳақида сўз борганда, уларнинг барчаси бир мушт бўлиб бирлашиши даркорлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур. Бугунги кунда мамлакатимизда миллий ғоямиз – юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар ана шундай бирлаштирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганидан сизлар албатта яхши хабардорсиз.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгариш ва янгиланишлар туфайли парламентнинг ваколат доираси янада кенгайди. Конституциямизга тегишли ўзгартишлар киритдик. Ҳокимиятнинг учта бўғинга, яъни, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши, улар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини яратиш бўйича аниқ ишлар қилинди.

Айни вақтда парламент таркиби – структураси, унинг баъзи бир ташкилий жиҳатлари эски замонни эслатишини, ҳали-бери расмиятчилик аломатлари сақланиб қолаётганини ҳам очиқ айтишимиз ва бу муаммоларни ҳал қилиш устида ишлашимиз керак.
Муҳтарам дўстлар!

Ўзингиз кўриб турибсиз, дунёда олдин ҳеч содир бўлмаган, учрамаган ўта оғир, ўта мураккаб зиддият ва низолар, сиёсий қарама-қаршиликлар, жаҳон миқёсида 2008 йили бошланган молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари давом этаётган, бир сўз билан айтганда, ноаниқлик ва охирини олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеалар юз беришининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Мана шундай ғоят мураккаб вазиятда янги – 2015 йил ва ундан кейинги йилларда биз ўз олдимизга қўяётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан ривожлантириш, лўнда қилиб айтганда, юртимизни, Ватанимизни янада обод ва фаровон этишдек аниқ ва эзгу мақсадларга эришиш мумкинми, деган безовталик пайдо бўлиши мумкин.

Буни ҳам тўғри тушуниш керак. Лекин мана шундай ўта масъулиятли пайтда бир чеккада томошабин бўлиб ўтириш асло мумкин эмас. Файласуфлар айтганидек, бу дунёда душмандан эмас, аввало, лоқайд, бепарво ва бетараф одамлардан қўрқиш керак. Менинг сизларга тилагим, даъватим шуки, халқ вакиллари аввало курашчи бўлиши керак. Мана шу муқаддас замин учун, Ўзбекистонимиз учун, халқимизнинг тинчлиги, фарзандларимизнинг бахтли келажаги учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ишлашимиз, курашишимиз зарур.

Мен чет эллик сиёсий арбоблар, катта ишбилармонлар билан учрашганда, улар бизнинг фарзандларимиз ҳақида ҳавас билан “Ёшларингизнинг кўзи ёниб туради” деган фикрни кўп эшитаман. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда Ватани, халқи учун курашга бел боғлаган, софдил, иродаси мустаҳкам ёшларнинг кўзлари ёниб туради. Бугун мана шу залда ҳам кўзлари ана шундай ёниб турган одамларни кўриб, “Балли, сизларга!” деб айтмоқчиман.

Юқорида зикр этилган хавотирли саволларга нисбатан, ўйлайманки, барчамизнинг жавобимиз битта, яъни, биз босиб ўтган ривожланиш йўлини, эришган марра ва ютуқларимиз, энг муҳими, бизнинг бугунги салоҳиятимиз, куч-қудратимизни 90-йиллардаги давр билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Чунки бизнинг бугунги халқимиз, бизнинг бугунги жамиятимиз – бундан ўн йил, йигирма йил олдинги халқ ва жамият эмас.

Бугунги кунда одамларимизнинг фикри-зикри, дунёга, ҳаётга қараши тубдан ўзгариб, уларнинг тобора юксалиб бораётган сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти, фаол гражданлик позицияси, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз, деган азму қарор билан олдинга интилаётгани биз эришган ва келгусида қўлга киритадиган катта-катта ютуқ ва марраларнинг мустаҳкам пойдеворига айланаётганини кўрмаслик, англамаслик ва буни тан олмаслик мумкин эмас.

Йиллар, асрлар синовида тобланган, кўпни кўрган, бугун эркинлик ҳавосидан нафас олиб яшаётган, ўз қадр-қимматини, инсоний шаънини, не-не улуғ зотларнинг ворислари эканини, ўзлигини англаган, миллий ғурур ва ифтихорини тиклаган, халқаро майдонда ўзига муносиб ўрин эгаллаб бораётган, ўз кучи ва эртанги кунига ишонган, ўз юрти, ўз фарзандларининг келажаги фаровон бўлишига интиладиган бундай халқни ҳеч қандай куч тўхтатолмайди.

Мана шундай меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халққа фарзандлик садоқати билан хизмат қилиш – барчамиз учун юксак шараф, олий саодатдир.

Азиз юртдошларим, ҳурматли депутатлар, мана шу эзгу мақсадларга эришиш йўлида барчангизга яна бир бор бахт ва омад тилайман.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқи