Муҳтарам фестиваль иштирокчилари!

Қадрли меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, қарийб уч минг йиллик тарих ва маданиятга эга бўлган, қадимий ва гўзал Самарқанд шаҳрида, не-не буюк воқеалар гувоҳи бўлмиш мана шу муаззам ва улуғвор Регистон майдонида сиз, азизларни – “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали қатнашчиларини чин қалбимдан муборакбод этишга, Самарқанд аҳли номидан, бутун халқимиз номидан “Хуш келибсиз Ўзбекистонга, хуш келибсиз Самарқандга!” деб, қизғин салом ва эзгу тилакларимизни етказишга ижозат бергайсиз.

Фестивалимизда иштирок этаётган фахрий меҳмонларимиз – ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт, Халқаро фольклор ижодиёти ташкилотининг Осиё минтақаси бўйича Бош котиби Мун Хюнг Сук, Япониянинг “Мин-он” мусиқа уюшмаси президенти Хироясу Кобаяши жанобларига, бугунги маросимда ҳозир бўлган дипломатик корпус вакилларига самимий эҳтиромимни билдиришдан мамнунман.

Мен учун қадрдон бўлган Самарқанд аҳлини кўриб турганимдан хурсанд бўлганимни билдириб, сиз, азиз ҳамшаҳарларимга, барча-барчангизга ўзимнинг фарзандлик меҳрим ва ҳурматимни яна бир бор изҳор этаман.

Азиз мусиқа ихлосмандлари!

Муҳтарам дўстлар!

Мусиқа санъати инсонни ҳамиша эзгуликка чорлайдиган, ҳар қайси одамнинг қалбидаги энг нозик, энг гўзал туйғуларни уйғотадиган буюк илоҳий куч, десак, ўйлайманки, ҳеч ким бу фикрни инкор этолмайди. Чиндан ҳам, дунёдаги турли миллат, тил ва эътиқодга мансуб одамларни, элу элатларни ҳеч қандай таржимонсиз бир-бирига боғлайдиган, муштарак мақсадлар йўлида бирлаштирадиган мусиқа санъати каби қудратли воситани топишнинг ўзи қийин.

Биз бу йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг ўнинчи – ўзига хос юбилей анжуманини ўтказмоқдамиз. Фестивалга асос солинган 1997 йилдан буён иштирокчи мамлакатлар жўғрофияси кенгайиб, уларнинг сони икки баробардан зиёд кўпайиб, 31 тадан 66 тага етганининг ўзи, ўйлайманки, кўп нарсадан далолат беради.

Бу йилги мусиқа байрамимизга Осиё ва Африка, Европа ва Америка қитъаларида, Шарқ ва Ғарб минтақаларида жойлашган ўнлаб давлатлардан ноёб истеъдод соҳиблари, машҳур ижодий гуруҳлар ташриф буюргани ўтган қисқа даврда фестивалимизнинг довруғи бутун дунёга тараннум этилиб, унинг обрў-эътибори ва нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Бунинг замирида аввало фестивалнинг юксак гуманистик ғоялари мужассам бўлиб, “Самарқанд руҳи ва фалсафаси” деган чуқур маъноли ибора халқлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, маданий мулоқотни ривожлантиришга, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашга олиб келаётгани барчамизни қувонтиради, албатта.

Бунда авваламбор мана шу майдонда тўпланган сизлар каби ҳақиқий санъат усталарининг жонкуярлиги ва фидойилиги, халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, ЮНЕСКОнинг муносиб ҳиссаси, ушбу анжуманни жону дили билан қўллаб-қувватлаб келаётган халқимизнинг катта хизматлари борлигини яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Ҳурматли дўстлар!

Шу кунларда буюк Шарқ тимсоли бўлган кўҳна Самарқанднинг замонлар руҳини ўзида мужассам этган ўлмас обидаларидан, мовий гумбазлари ва юксак минораларидан, маҳобатли пештоқларидан гўёки асрлар садоси таралаётгандек, шу муқаддас заминда яшаб, ижод қилган улуғ мутафаккирлар, аллома ва санъаткорларнинг овозлари янграб тургандек туюлади.

Биз учун кўҳна тарихнинг ўчмас саҳифаларини очиб берадиган, Рим каби “абадий шаҳар” деган юксак эътирофга сазовор бўлган ана шу шаҳарда сизлар билан учрашар эканмиз, бугунги кунда турли муаммо ва зиддиятларга тўла замон қандай тез ўзгариб, қандай шиддат билан ўтиб бораётганини чуқур ҳис этамиз. Шу билан бирга, умримизга маъно-мазмун бахш этадиган маданият ва санъат олами билан яқиндан ошно бўлиш, жаҳонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, бу гўзал ҳаётни қадрлаш, халқларимизнинг маданий бойликларидан бир-биримизни кўпроқ баҳраманд этиш заруратини янада теран англаймиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ер юзининг сайқали” деб шуҳрат қозонган кўҳна Самарқанд мана шундай шукуҳли айёмда, таъбир жоиз бўлса, жаҳон мусиқа санъатининг сайқалига, ўзига хос бетакрор марказига айланиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади.

Америка Қўшма Штатларида чоп этиладиган нуфузли нашрлардан бири яқинда Самарқанд шаҳрини “Дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган элликта шаҳри” рўйхатига киритди. Бу хабар жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарқалди ва ўйлайманки, сизлар бундан хабардорсиз.

Бу қадимий шаҳарнинг тарихи қанчалик буюк ва шарафли бўлса, унинг бугунги ҳаёти, замонавий қиёфаси ҳам шунга уйғун ва ҳамоҳанг равишда ҳар томонлама обод ва гўзал бўлиб бормоқда. Ўйлайманки, фестиваль кунларида сизлар шаҳримизнинг қадимий зиёратгоҳлари, майдон ва хиёбонлари, обод маҳаллаларида бўлиб, бу заминнинг кўпни кўрган, кўнгли очиқ, мард ва хушфеъл, ўз урф-одат ва қадриятларини асраб-авайлаб келаётган одамлари билан суҳбатлашиб, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.

Самарқанд халқининг меҳмондўстлик фазилатларидан баҳраманд бўлиб, бу афсонавий шаҳарга бир умр мафтун бўлиб қоласиз, санъатни чин дилдан севадиган, уни юксак қадрлайдиган эл-юртимиз вакиллари билан бўладиган самимий суҳбат ва мулоқотлар янги асарлар учун илҳом манбаи бўлиб қолади, десам, адашмаган бўламан.

Биз сизларни нафақат муҳтарам меҳмонларимиз, балки ўз халқининг қалби ва руҳини мусиқа орқали ифода этадиган, уларнинг эзгу орзу-истаклари ва саломини етказадиган тинчлик ва дўстлик элчилари, ўзимизнинг энг яқин ва азиз дўстларимиз сифатида қабул қиламиз ва шарафлаймиз.

Сизларнинг мана шу улуғвор саҳнада янграйдиган мафтункор куй ва қўшиқларингиз, дилбар тароналарингиз ҳар биримизнинг юрагимизда, хаёлимизда узоқ сақланиб қолади. Ўз қимматли вақтингизни аямасдан, бизга мана шундай ажойиб санъат намуналарини, мана шундай қувончли дақиқаларни бахш этганингиз учун барчангизга катта миннатдорчилик билдириш, ўзбекона раҳмат айтиш – мен учун катта шараф. Доимо соғ-омон бўлинг, азизларим!

Шу юксак минбардан туриб, барчангизга яна бир бор ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдириб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, фестиваль ишига муваффақият тилайман.

Эътиборингиз учун ташаккур.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент Ислом Каримовнинг “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи