Маълумки, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг сифатига боғлиқ.
Шу жиҳатдан, Президентнинг фармон ва қарорлари, топшириқларини ўз вақтида ижро этиш орқали юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидаларнинг рўёбга чиқарилиши таъминланади.
Шунингдек, давлат раҳбари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларда давлат ва жамиятнинг энг муҳим масалалари қамраб олиниб, тегишли соҳалардаги муаммоларга аниқ ечимлар берилиши ҳисобга олинса, ушбу тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этишнинг аҳамияти янада ошади.
Тан олиш керак, охирги пайтда қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш кўпроқ расмий характерга айланиб қолган эди. Яъни, бунда асосий урғу қарорларни бажарилиши устидан назорат қилишга қаратилган эди.
Шуни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизими таклиф этилди. Ушбу таклифлар яқинда қабул қилинган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармонда ўз аксини топди. Унга кўра қуйидаги янги тартиблар жорий этилмоқда:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини ўз муддатида бажармаслик ёки сифатсиз ижро этиш ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилади;
Иккинчидан, Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқларини масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига қатъий риоя қилинган ҳолда назорат қилиш бўйича Адлия вазирилиги ваколатлари кенгайтирилади;
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш мақсадида “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимлари жорий этилади;
Тўртинчидан, таҳлиллар асосида тегишли давлат идораларининг ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функциялари қисқартирилади;
Бешинчидан, оммавий ахборот воситаларида халққа ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб боришга қаратилган «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» мавзусида кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиш тизими йўлга қўйилади;
Олтинчидан, тегишли давлат органларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир вазирлик ва идора давлат раҳбарининг ҳужжатларида берилган топшириқларни виждонан, тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариши лозим. Ҳар бир раҳбар бунга шахсан масъул эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Эндиликда, бирон-бир вазирлик ёхуд идора томонидан топшириқни бажармаслик ҳолатига нисбатан қатъий чора кўриш тизими йўлга қўйилади. Бу масала шахсан давлат раҳбарининг назорат остида амалга оширилади.
Ушбу жараёнда «жамоатчилик эшитувлари» ва «жамоатчилик мониторинги» институтларидан кенг фойдаланилади. Яъни ижроси бажарилмаган топшириқлар бўйича маълумот фуқаролар томонидан хабар бериш тизими яратилади.
Юқорида айтиб ўтилган жараёнлар барча оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение орқали «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» дастурлари ёрдамида ёритилади.
Умумий қилиб айтганда, давлат раҳбарининг ҳар бир ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишини назорат қилишнинг ўзига хос механизми яратилмоқда. Ушбу механизмнинг амалда ўзини оқлаши ва кутилган натижага эришиш учун Давлат дастурининг мазкур тизим назарда тутилган бандига масъул бўлган давлат органлари ўз вақтида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари ва унинг ижросини таъминлашлари керак бўлади.
Рустамбек Сайидов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими