Президент эътиборидан масрур кўнгиллар
Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров юртимиздаги эҳтиёжманд оилалар вакилларини давлатимизнинг бевосита кўмагида Умра зиёратига юборишда амалий ёрдам беришларини сўраган эди. Президент бу илтимосни қўллаб-қувватлаши самарасида кўплаб юртдошимиз Умра зиёратида бўлиб қайтмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам муқаддас зиёратга боришни ният қилиб, имконини тополмай турган кўплаб эҳтиёжманд юртдошларимизнинг орзуси рўёбга чиқди. Ўзбекистон туманидан ҳам 6 нафар ҳамюртимизга бу бахт насиб этди. Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев туман бош имом-хатиби Адҳамжон Юлдашев, маҳалла фаоллари ва бошқа масъуллар ҳамроҳлигида ана шу зиёратчилардан бири, Туюл маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Морияхон Мўминовани йўқлади.

– Маҳалла масъулларидан кутилмаганда бундай хушхабарни эшитиб, очиғи шошиб қолдим, севинч ва кучли ҳаяжондан йиғлаб юбордим. Чунки энг олий орзуларимдан бири улуғ зиёратни адо этиш бўлса-да, бунга шароит ва тайёргарлигим етмас эди, – дейди 66 ёшли онахон. – Минг шукр, Аллоҳим шу кунларга етказди. Давлатимиз раҳбарининг кўмаги билан Каъбатуллоҳни тавоф қилдик. Ватанимиз тинчлиги абадий бўлишини, эл-юртим омонлигини сўраб дуо қилдим. Бизларга шундай кунларни ато этган Яратганга ҳамдлар айтдик.

М.Сулаймонов, ЎзА