“Президент эътибори менга катта куч бағишлади”
20 декабрь куни Президент раислигида тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёш IT билан мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотаётганини айтиб ўтди. Фарғоналик ёш дастурчи Брайль алифбосини таржима қиладиган дастур яратиб, АҚШ, Мексика ва Бразилияга 150 минг долларга сотганлигини алоҳида таъкидлади.

Бу ёш дастурчи ким эканлигига ҳамма қизиқаётгани табиий. IT соҳасида яхши натижаларга эришаётган бу йигит Фарғона шаҳрилик 22 ёшли Муҳаммадқодир Абдувоитовдир. Отаси Эркинжон Алимов қурилиш соҳасида ишлайди, онаси Зулфияхон мактабда информатика фани ўқитувчиси. Ахборот технологияларига қизиқиши онасидан ўтган. Шаҳардаги 40-мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ компьютердаги дастурларни, хусусан, фотошопда ишлашни ўрганди. Информатика фанидан билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида иштирок этиб, соҳага иштиёқи янада ошди. “Юрт келажаги” кўрик-танловида “Ўзбек тилида дастурлаш” йўналишида қатнашиб, республикада биринчи ўринни эгаллади. Илк маротаба мактабда устозлар учун сайт яратди. IT соҳасига бўлган қизиқиши уни Россиядаги Шимолий Кавказ федерал университети томон етаклади. Бу ерда айнан шу йўналишдаги факультетда таҳсил олди. Кўплаб платформалар яратиб, яхши даромад топа бошлади.Талабалар учун “eCampus” деб номланган мобиль дастур ишлаб чиқди. Унда ўқув жараёни, талабаларнинг ўзлаштириши ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Бу дастурдан бугунги кунда университетдаги барча талабалар фойдаланиб келмоқда.
Айни кунларда Муҳаммадқодир Фарғона шаҳрида “Focus group” компаниясини очиб, вебсайт ва мобиль иловалар ишлаб чиқармоқда. Ойига ўртача 10 минг АҚШ доллари миқдорида даромад топмоқда.
–Президентимизнинг эътибори менга катта куч бағишлади, –дейди у.–Ўзбекистонда рақамлаштириш жадал суръатда давом этяпти. Албатта, бу яхши. Келажагимиз IT соҳасида эканлигини барча ҳис қилиб турибди. Ўзим яратган “Braille Recognition” инновацион мобиль иловаси ҳақида айтадиган бўлсам, у кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахсларнинг қариндошлари, ўқитувчилари, шунингдек, Брайл алифбоси билан ишловчи ҳар бир киши учун мўлжалланган. Илова телефон камераси билан олинган тасвирлардаги Брайл ҳарфларини таниб олиш ва уларни автоматик равишда оддий матнга таржима қилиш имконини беради.
Фойдаланувчилар таржима қилинган матнни телефон экранида олиши ёки овоз синтезатори ёрдамида тинглаши мумкин. Илова турли хил операцион тизимларга эга смартфон ва планшетларга ўрнатиш учун мавжуд.
У кўзи ожиз болаларнинг ота-оналари учун уй вазифаларини бажаришда ва уларнинг ўқув жараёнини қўллаб-қувватлашда ажралмас воситадир. Илова тифлопедагоглар, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар ва катталарни ўқитиш билан шуғулланувчи мутахассислар учун ҳам жуда фойдали. Брайл алифбосида тақдим этилган уй вазифалари ва тестларни текшириш учун қулай. Энди илова ёрдамида Брайл ёзувини билмайдиган ўқитувчилар ҳам кўзи ожиз болаларга дарс ўтиши мумкин. Бу эса кўзи ожиз инсонлар учун таълимни янада осонлаштиради. Илова кўзи ожиз ва заиф кўрувчи одамлар бошқалар билан тенг равишда жамиятда иштирок этиши мумкин бўлган янада инклюзив муҳитни тарғиб қилади.
Ҳозирги кунда “Braille Recognition” мобиль иловасидан бутун дунё бўйича 12 мингдан ортиқ одам фаол фойдаланиб келмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири