Президент афв этган аёл армони
Қашқадарёлик У.Облаева гулдек умрининг маълум қисмини фарзандларидан олисда панжара ортида ўтказаётган эди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Сурхондарё вилояти ИИБ манзил колониясида сақланаётган икки нафар маҳкума аёлнинг билиб-билмай содир этган қилмишлари кечирилди.
Қашқадарёлик У.Облаева гулдек умрининг маълум қисмини фарзандларидан олисда панжара ортида ўтказаётган эди. Ўтган даврда у қамоқдаги ҳаётдан тўғри хулоса чиқариб, қатьий тузалиш йўлига ўтди. Содир этган жинояти учун чин кўнгилдан пушаймон бўлди. Тайинланган жазо муддатидан олдин озод этилиб, оиласи, яқинлари бағрига қайтди.
– Ҳаётимнинг энг ширин даврини хазонга совурганимдан афсусдаман, – деди у жазони ўташ жойидан қайтар экан.– Бу йўлда қилган қалтис ҳаракатим нотўғри эканини чуқур англаб етдим. Осуда ҳаёт ва ҳалол меҳнатнинг улуғ неьмат эканини қалбимдан ҳис этдим. Президентимиз ва халқимизнинг менга билдирган ишончини фарзандларим тарбияси ҳамда ҳалол меҳнатим эвазига оқлайман. Ҳаётдан яна ўз ўрнимни топишга интиламан. Турмушнинг қадрига етиб, Ватанимга содиқ она бўлишга ваъда бераман.
Мазкур фармон билан Сурхондарё вилояти ИИБ манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган қашқадарёлик яна бир маҳкума аёл Ш.Раҳимованинг жазо муддати иккидан бир қисмига қисқартирилди.
Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида халқимизга хос аёлни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш, кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-шафқат каби улуғ фазилатлар кенг намоён этилиб, бир гуруҳ маҳкумаларнинг афв қилингани ҳам сўнгги йилларда жамиятимизда инсонпарварлик тамойилларини янада юксалтиришга қаратилаётган эьтиборнинг ёрқин намунасидир.