Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 1-синф ўқувчиларига бериладиган “Президент совғалари”ни ҳудудларга жўнатиш ва янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Унда тадбир иштирокчилари “Президент совғалари”ни жойларга юбориш ва қабул қилиш, Тошкент шаҳридаги 126-мактаб ва 204-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси мисолида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан таништирилди.
2024-2025 ўқув йилида 10 минг 182 та мактабда 525 мингдан ортиқ ўқитувчи 6,5 миллион нафардан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бериши кутилмоқда. Янги ўқув йилида 719 минг 366 нафар мактаб ёшидаги бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.
“Таъминот ва логистика хизмати” корхонаси томонидан 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар учун бериладиган 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” 10 августга қадар ҳудудларга, 20 августга қадар эса қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда барча мактабларга тўлиқ етказилади.
Ушбу 12 номдаги ўқув қуроллари — портфель, дафтар, расм дафтари, акварел бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич тўпламидан иборат.
1-синфга қабул қилинган болаларни ўз вақтида ва тўлиқ “Президент совғаси” билан таъминлаш мақсадида ҳар бир қабул қилинган ўқувчи электрон тизимга (adm.maktab.uz) киритиб борилмоқда.
Пресс-тур давомида таъкидланганидек, янги ўқув йилида асосий эътибор сифатли таълимни таъминлашга қаратилади.
Шу мақсадда 2023/2024 ўқув йилида Президент ва ихтисослашган мактабларнинг ўқитиш ва баҳолаш тизими республикадаги 500 та мактабда тажриба-синовдан ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилган эди. Мазкур тажриба янги ўқув йилидан яна қўшимча 1 000 та мактабда жорий этилади.
Шунингдек, ўтган ўқув йилида мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассис умумтаълим мактабларига жалб этилиб, ўқувчиларга хорижий тилларни ўқитишда самарали натижаларга эришилди. Бу жараён янги ўқув йилида ҳам давом эттирилади. Кейинги ўқув йилидан педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш учун “Касбий ривожлантириш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” жорий этилади.
2024 йилда давлат дастури асосида 608 та (30 та янги мактаб қуриш, 518 тасини реконструкция қилиш ва 60 тасини мукаммал таъмирлаш) мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида 180 мингдан ортиқ янги ўқувчи ўринлари яратилади. Шунингдек, 95 та янги спорт зали бинолари қурилади.
Мактабгача таълим йўналиши ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. 2024/2025 ўқув йилида 37 минг 548 та (6867 та давлат, 835 та нодавлат, 1462 та ДХШ ва 28 минг 384 та оилавий) мактабгача таълим ташкилотларида 2,3 миллион нафардан ортиқ (74,6 фоиз) 3-7 ёшли болалар қамраб олинади.
Йил якунига қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш кўрсаткичини 96 фоизга етказиш белгиланган.
Чилонзор тумани 126-мактаб 1 минг 50 ўқувчи ўрнига эга бўлиб, янги ўқув йилида 1 минг 900 нафардан ортиқ ўқувчи таълимни давом эттиради. Мактаб янги ўқув йилига тўлиқ тайёрланган.
Мактабда 58 та ўқув хонаси, 3 та компьютер хонаси, 3 та лаборатория ва 8 та хорижий тил хонаси, кутубхона, фаоллар (170 ўрин) ва спорт заллари, ошхона (120 ўрин) мавжуд. 2024 йилда 175 нафар боланинг 1-синфга келиши кутилмоқда. Ўқув масканида 117 нафар педагог фаолият юритади, уларнинг 30 нафари олий ва биринчи малака тоифасига эга.
Мактабда сифатли таълимни таъминлаш мақсадида педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, сифат таркибини яхшилаш борасида алоҳида ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тоифали ўқитувчилар сони 14 нафарга ортди. 17 нафар ўқитувчи миллий ва халқаро сертификатни қўлга киритган.
Чилонзор тумани 204-мактабга таълим ташкилоти 840 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотида 740 нафар (ўғил болалар – 338 нафар, қизлар – 402 нафар) болаларга 44 нафар педагоглар тарбия бермоқда. 2024-2025 ўқув йилда 98 нафар болалар қамраб олиниши режалаштирилмоқда.
Тарбияланувчилар фаолият марказларида амалий тадқиқотларни олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, уларга чуқурлаштирилган экологик таълим-тарбия берилади.
Шунингдек, болалар ўзлари учун яратган “Жажжи боғбон” йўлагида ўсимликларни асраш, уларни парвариш қилиш, уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўрганадилар, табиатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини мустаҳкамлаб борадилар.
Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Н.Усмонова, ЎзА