Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви чоғида мамлакатимиз Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида ташқи сиёсат масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада Асосий қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар қилиш вақти етиб келганлигига урғу берди ва жумладан шундай деди: «Мамлакатимиз ва жаҳонда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг концептуал-ҳуқуқий асосларини янгилаш ва такомиллаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда».
Замонавий сиёсатшунослик ва халқаро муносабатларда «давлатнинг ташқи сиёсати бу – ички сиёсатнинг давомидир» деган ибора мавжуд. Ўзбекистон Республикаси ички сиёсатидаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва иноқликка эришиш, тараққиёт сари илдам қадам ташлаш, бағрикенглик ва бунёдкорлик, илму маърифатга интилиш ва шу каби ижобий хислатлар, ўз навбатида, ташқи сиёсатда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, дунёвий тинчлик ва тартиботни, барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш, барча давлатлар билан ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш сифатида давом эттирилаётганлигида намоён бўлади.
Мустақилликка эришгандан буён ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон фаол ва очиқ ташқи сиёсат натижасида минтақа мамлакатлари ва жаҳондаги етакчи давлатлар билан муносабатларини ўрнатиб, ривожлантириб бормоқда. Айниқса, сўнгги беш йилда ушбу алоқаларимиз янада мустаҳкамланиб, бир қатор мамлакатлар билан стратегик шериклик даражасига қадар олиб чиқилганини давлатимизнинг муваффақиятли қадамлари сифатида баҳолаш мумкин. Бу борада аввало, Марказий Осиё минтақаси миқёсида турли соҳаларда қўшни мамлакатлар билан мутлақо янги шаклда ўрнатилган доимий алоқалар минтақавий барқарорлик мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда ҳамда хавфсизликка жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун замин яратмоқда.
Асосий қонунимизнинг IV боби «Ташқи сиёсат» деб номланган ва ягона модда (17-модда) да мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг асосий тамойиллари ва ўзига хос жиҳатлари белгилаб қўйилган. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон Конституциямиздаги мазкур модда асосида ўз ташқи сиёсати ва халқаро алоқаларини юритиб келди, жумладан, ушбу фаолиятнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ўз ташқи фаолиятини умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларига таянган ва уларга қатъий риоя этган ҳолда олиб борди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларга киришар экан, давлатларнинг суверен тенглиги тамойилини ҳурмат қилган ҳолда ўзаро тенг ва манфаатли алоқалар ўрнатишга интилиб келди.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида халқаро ҳуқуқнинг «куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик» тамойилига ҳам таянган ҳолда фаолият юритиб келди. Шунингдек, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳам республикамиз ташқи сиёсатида оғишмай амал қилиб келинди.
Иккинчидан, мамлакатимизда халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам устувор вазифа сифатида ёндашув мавжудлиги ўтган давр мобайнида олиб борилган ташқи сиёсатимизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Хусусан, минтақа доирасида турли хавф-хатарларни олдини олиш ва бартараф этиш орқали халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга қаратилган катта саъй-ҳаракат олиб борилганлиги барчага маълум. Ушбу йўлда Ўзбекистон Республикаси ҳамдўстликлар ҳамда турли давлатлараро ташкилот ва тузилмаларга кириш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда фаол ва очиқ ташқи сиёсат юритиб келди. Буни Ўзбекистон Республикаси бугунги кунда 40 дан ортиқ халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама алоқаларни самарали равишда олиб бораётганидан кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг муайян халқаро тузилмалардан ажралиб чиқиши ёки уларда фаолиятини тўхтатиши ҳолатларини Конституциямизда бу борада белгиланган нормаларнинг амалдаги ифодаси сифатида талқин этишимиз лозим.
Учинчидан, ўтган давр мобайнида Конституциямизнинг 17-моддаси асосида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилиндики, улар мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолияти ва халқаро муносабатларини самарали юритишнинг амалий жиҳатларини акс эттирганлиги билан диққатга сазовордир.
Конституциямизнинг «Ташқи сиёсат» бобида белгиланган нормаларга таянган ҳолда олиб борилган халқаро алоқалар бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамжамиятдан муносиб ўрин олишини ҳамда илиқ муносабатлар олиб борилишини таъминлаб келмоқда.
Ҳозирги мураккаб замонда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликка доир келгуси фаолияти қай тартибда кечади, бу борада бизни қандай истиқбол кутмоқда, деган саволлар ҳар бир юртдошимиз ва фуқароларимизни қизиқтириши табиий. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида ушбу саволларга жавоб топиш ва уларнинг тегишли тартибда Конституциямизда акс эттирилиши келгуси тараққиётимиз учун мамлакатимизнинг дунё ҳамжамияти билан муносабатларини давом эттиришда муҳим асос бўлади. Шу муносабат билан мамлакатимиз ташқи сиёсати ва халқаро муносабатлари йўналишида Конституциямизнинг 17-моддасида мавжуд амалдаги нормаларнинг давомидан қуйидаги қўшимчаларни қўшиш юзасидан таклифимизни билдирмоқчимиз.
«Ўзбекистон Республикасида ташқи сиёсат масалалари ва халқаро муносабатларни юритиш давлат зиммасидадир.
Ўзбекистон Республикаси минтақа ва дунё тараққиётининг долзарб масалалари ҳамда инсониятнинг барқарор ривожланиши юзасидан жаҳон ҳамжамиятига асосли таклиф ва ташаббуслар билан чиқади».
Мазкур таклифни бирмунча шарҳлаш орқали қуйидагиларни билдириш мумкин:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг ўтган давр мобайнида олиб борган ташқи сиёсати ва халқаро муносабатлари айнан давлатимиз томонидан самарали ва миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда юритилганлигини қайд этиш лозим.
Ташқи сиёсат – мамлакатнинг юзи, унинг халқаро майдондаги имижини белгилаб берувчи фаолият эканлигини ҳисобга олсак, унга тизимли ёндашиш ва атрофлича таҳлил этган ҳолда жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Бир қатор хориж давлатларида рўй бераётган турли ижтимоий-сиёсий жараёнлар таҳлили натижасида айтиш мумкинки, давлатнинг ташқи сиёсий фаолиятига аралашув, уни тор маънода талқин этиш ва муайян доиралар манфаатига бўйсундириш алалоқибат ушбу давлатнинг таназзулига сабаб бўлувчи ҳолатларни келтириб чиқаради.
Иккинчидан, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси ва дунё аҳамиятига молик масалалар юзасидан ўзининг позициясини тегишли тартибда жаҳон ҳамжамиятига маълум қилиб, дунё афкор оммасини ўйлантираётган муаммолар юзасидан бир асосли ва ўринли қатор таклиф ҳамда ташаббусларини илгари суриб келди. Айниқса, кейинги беш йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси сессияларида уч маротаба сўзга чиқиб, минтақа ва дунёдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий, экологик, эпидемиологик ва шу каби муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг ечимларига доир таклиф ва ташаббусларни илгари суриши мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдида нуфузи ошиб бораётганлигидан далолат беради.
Мамлакатимизнинг бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳам фаоллиги, турли халқаро саммитлар, учрашувлар, форумлардаги иштироки жараёнида кун тартибидаги долзарб масалаларга тегишли ўзига хос ёндашувини яққол намоён қилиб келаётганлиги халқаро илмий эксперт доираларида юксак баҳоларга сазовор бўлмоқда.
Бундан кўринадики, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларни фақат кузатувчиси эмас, балки уларнинг фаол актори сифатида майдонга чиқмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг таклиф ва ташаббуслари асосида БМТ резолюциялари қабул қилинганлигини мамлакатимиз позициясининг халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилиши сифатида баҳолаш мумкин.
Шунингдек, мамлакатимизнинг БМТ томонидан 2015-2030 йилларда амалга оширилиши белгиланган «Барқарор ривожланиш мақсадлари»ни амалга ошириш доирасида бир қатор амалий саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганлиги халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Орол денгизи атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, мамлакатимизда инклюзив таълим ва аҳоли саломатлигини юқори даражага олиб чиқиш, жамиятимизда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, барқарор ривожланиш йўлидаги глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ана шулар жумласидандир.
Учинчидан, мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида ташқи сиёсий фаолиятга ҳам янгича қарашлар асосида ёндашув мавжудлиги бу борадаги ишларнинг сезиларли равишда жадаллашувига олиб келди. Хусусан, мамлакатимизнинг дунёга очилиши, дунё мамлакатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликка доимий шайлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, ривожлантиришга интилиш – бир сўз билан айтганда, прагматик ташқи сиёсат юритиш Янги Ўзбекистон халқаро муносабатларининг ўзига хос жиҳати сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон бугунги кунда халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда замонавий босқичда кечаётган халқаро жараёнлар, воқеликлардан келиб чиққан ҳолда ўз ташқи сиёсий фаолиятини юритиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамияти олдига турли асосланган таклиф ва ташаббуслар билан чиқиши, ўйлаймизки, давлатимизнинг прагматик ташқи сиёсатини намоён этади, мамлакатимизнинг нуфузи ҳамда обрўсига ижобий таъсир кўрсатади ва бу борадаги нормаларнинг Конституциямиз «Ташқи сиёсат» бобида акс эттирилиши эса республикамиз ташқи сиёсий фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди.
Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёни шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш жараёнидир. Шундай экан, барчамиз ушбу жараёнда муносиб иштирок этмоғимиз лозим.
Рустам Рашидов,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.