Пойтахтлик шифокорлар Бухорода
Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида республика Болалар миллий тиббиёт маркази “Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида пойтахтдан келган бир гуруҳ малакали мутахассислар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
Кўрикда марказнинг кардиохирург, ЛОР, реаниматолог, анестезиолог ва перфузиолог каби мутахассислари вилоятдаги туғма юрак ва эшитиш тизимида нуқсони бўлган 100 нафарга яқин бола текширувдан ўтди.

– Касалликка чалинган 40 нафар болага юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказиш тавсия қилинди, – дейди марказ раҳбари Қ.Каримов. – Режага мувофиқ, давлат тиббий суғуртаси, ҳомийлик ҳамда фонд маблағлари ҳисобларидан уларда бепул жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Шунингдек, мутахассислар ўзаро тажриба алмашишди. Бухоролик шифокорларга пойтахтлик меҳмонлар маҳорат дарслари ўтди. Келгусида вилоят мутахассислари билан биргаликда юқори технологик кардиожарроҳлик ва оториноларингологик амалиётлар ўтказиш режалаштирилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири