Пойтахтимизга иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Жан Тироль ташриф буюрди.
“Янги Ўзбекистон” университетининг Ёш иқтисодчилар жамияти томонидан франциялик олим, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Жан Тирол билан 14 октябрь куни очиқ маъруза ташкил этилади.
Очиқ маърузада олим энг долзарб ва қизиқарли мавзулардан ҳисобланган “Халқ фаровонлигига эришиш” ҳақида ўз изланишлари билан ўртоқлашади.
Жан Тироль 1980 йиллардан бошлаб иқтисодиётнинг муайян тармоқларида, банкдан телекоммуникация ва рақамли платформаларгача бўлган соҳаларда монополияга қарши тартибга солиш назариясини ишлаб чиқди.
Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотини олиш юксак эътирофнинг белгисидир ва ушбу мукофотга сазовор бўлган Жан Тироль жаҳон иқтисодий тафаккури элитасига киради. Пол Самуэльсон, Василий Леонтьев, Леонид Канторович ва Морис Aлле каби номлар қаторида ҳозирда Тироль номи ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
У 1988 йилда бозор иқтисодиёти ва уни тартибга солиш масалаларига ойдинлик киритган ишлари учун иқтисодиёт бўйича 45-Нобель мукофоти совриндори бўлди.
Жан Тироль – Тулуза университети (Франция) профессори ва саноатни ташкил этиш соҳасида дунёдаги етакчи мутахассислардан бири. У ўз ишида компанияларнинг олигополистик бозорларда ўзини қандай тутиши ва тўғри тартибга солинмагани нархларнинг ошиши ва рақобатни бостириш каби салбий ижтимоий оқибатларга олиб келишини таҳлил қилади.
Жан Тироль ўз фаолиятини муҳандис ва иқтисодчи сифатида бошлаган. У Франция миллий кўприклар ва йўллар мактабида ишлаган. Шунингдек, Массачусет технология институтида дарс берган. Ушбу олийгоҳда у Россия лойиҳаларида, жумладан, Сколково инновацион марказида ҳамкорлик қилди. Бу унинг инновациялар иқтисодиётини чуқур тушунишини акс эттирди.
Тиролнинг “Бозорлар ва бозор кучи: саноат ташкилоти назарияси” номли асосий асари 1988 йилда нашр этилган бўлиб, 26 йилдан сўнг шу иши учун Нобель қўмитаси унга мукофотни топширган. Ушбу тадқиқот компанияларнинг монополистик хатти-ҳаракатларини ва рақобатни ҳимоя қилиш учун тартибга солиш зарурлигини тушунишга муҳим ҳисса қўшди.
У ўз китобида фойдани кўпайтириш механизмлари ва монополистик амалиётларни, шунингдек, ушбу ҳодисаларга қарши курашиш усулларини таҳлил қилади.
Тиролнинг илмий фаолияти 100 дан ортиқ нашр этилган асарларни қамраб олади, уларнинг аксарияти Нобель мукофотини олишдан олдин ҳам машҳур бўлиб кетган. Унинг дарсликлари дунёнинг кўплаб университетларида, жумладан, Франция, AҚШ ва Буюк Британияда қўлланилади. Унинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси нафақат илмий жамоатчилик, балки рақобат сиёсати билан шуғулланувчи амалиётчилар томонидан ҳам эътироф этилади.
Тироль ўз ишида монополияни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш учун эҳтиёткорлик билан тартибга солиш зарурлигини таъкидлайди. Бу айниқса, замонавий технология компанияларининг ўсиши ва уларнинг жаҳон иқтисодиётига таъсири шароитида муҳим аҳамиятга эга.
Бугун машҳур олим пойтахтимиздаги тарихий масканлар, диққатга сазовор жойларни кўздан кечирди.
– Ўзбек диёрига келганимдан ғоят мамнунман, – деди Жан Тироль. – Ўзбек халқининг буюк ўтмиши ва маданияти намуналари менда ғоят улкан таассурот қолдирди.
Жан Тироль Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган Марказий Осиё университетлари форуми тадбирларида иштирок этиши кутилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА