Бугун, 31 май куни Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон олийгоҳида Президент таълим муассасалари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Times Higher Education (THE) рейтинг агентлиги иштирокида университетлар рейтингини баҳолаш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Гибрид тарзда ташкил этилган мазкур семинарда Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, THE бошқарув директори, Марказий Осиё/Шарқий Европа бўйича THE минтақавий директори иштирок этди.
Семинар аввалида, агентлик раҳбари Ҳилола Умарова, таълим соҳасини ривожлантиришда нафақат ўрта таълимга, балки олий таълим муассасаларига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини ҳамда университетларимизни умумжаҳон тан олган халқаро таълим муассасалари қаторига киритиш кераклигини таъкидлади.
— Шу ўринда, Буюк Британияда 100 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган форумда юртимизда амалга оширилаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар хорижликлар томонидан алоҳида эътироф этилди, — дейди агентлик раҳбари.
[gallery-7361]
Шунингдек, анжуман доирасида “Times Higher Education” ташкилоти вакиллари томонидан “THE World University Rankings (WUR) глобал рейтинг методологияси – 13 та кўрсаткич бўйича WUR 2022 натижаларига асосланган маълумотларни чуқур таҳлил қилиш”, “Impact Rankings 2022 Ўзбекистон: кучли ва заиф томонлари, келгуси истиқболлар учун имкониятлар”, “THE Student Pulse: талабаларни университетга жалб қилишда халқаро тенденциялар ва талабалар аудиторияси билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш”, “University Portfolio Review нима ва у нима учун муҳим”, “Университетлар рейтингига оид маълумотлар ва уларни таҳлил қилиш воситаларидан фойдаланиш, университет брендини ривожлантириш, уни онлайн ва офлайн воситалар ёрдамида тарғиб этишга оид ишларни ташкил қилиш”, ”Кейинги режа ва тавсиялар: университетнинг муваффақиятли ва муваффақиятсиз жойлашувини ўрганиш”, “Халқаро баҳолаш тизимлари (Европа ва АҚШ), уларнинг афзалликлари ва интерколлегиал қурилма”, “THE томонидан илмий тадқиқот ва мақолаларни баҳолаш”, “Маҳаллий ва хорижий талабаларни THE мезонлари бўйича тақсимлаш” каби мавзуларда семинарлар ташкил этилди.
– Педогогика соҳасида 21 йилдан буён ишлаб келмоқдаман, – дейди Янги Ўзбекистон университети математика фани ўқитувчиси Ислам Эл-Ҳадарий. Бугунги кунда дунёнинг топ-1000 талик рейтингига кирувчи бир-биридан кучли олий таълим муассасалари бор, улардан баъзиларини биз осмон узра порлаётган юлдузга ўхшатамиз. Ўзбекистон олий таълим масканлари ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бунга ўзим фаолият юритаётган олийгоҳ талабалари мисолида олиб қарайдиган бўлсак, талабалар кундан-кунга ўз билимини ривожлантириб бормоқда. Ишончим комилки, келгусида Ўзбекистон университетлари ҳам юқорида айтиб ўтганимдек, осмон узра порлаётган ёрқин юлдуз сингари жаҳоннинг кучли олий таълим масканлари рейтингидан жой олади.
Бундан ташқари, қизғин фикр-мулоҳазаларга бой бўлган ушбу семинар-тренинг якунида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан барча саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.
Улуғбек Маҳмирзаев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА