Пойтахтимиз яна бир марафонга тайёрланмоқда
Жорий йилнинг 21 апрель куни VI Тошкент халқаро марафони ўтказилади. Мазкур марафонга рўйхатдан ўтиш ишлари бошланди.
Марафон 5,5 мингдан ортиқ югуриш спорти ҳаваскорларини қабул қилади. Тадбир дастурига 42 км классик марафон масофаси, 21 км ярим марафон масофаси ва 3 ҳамда 10 км масофалари киритилган. Марафон арафасида “Kids Run” оммавий югуриш мусобақаси ва скандинавча юриш бўйича мусобақаларнинг ўтказилиши режалаштирилмоқда.
VI Тошкент халқаро марафони Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Миллий олимпия қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда мамлакатимиз Енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилмоқда.
Қатъий ишонч билан таъкидлаш мумкинки, сўнгги вақтда Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзининг ҳаваскорларини бирлаштирувчи янги югуриш маданияти шаклланган. Бутун йил давомида пойтахтда ва ҳудудларда, мамлакатнинг энг муҳим спорт тадбирларидан бири бўлмиш — Тошкент халқаро марафонига тайёргарлик бўлиб ҳисобланган оммавий югуриш мусобақалари, турли жамоавий мусобақалар ўтказиб келинмоқда.
Умумий соврин фонди 720 миллион сўмни ташкил қилади. Илк маротаба эркаклар ва аёллар орасида трасса рекорди учун асосий мукофотлардан ташқари бонуслар тақдим этилади. Аниқроғи, марафон масофаси учун 15 миллион сўм ва ярим марафон масофаси учун 10 миллион сўм берилади.
Тошкент марафони халқаро миқёсдаги спорт тадбири бўлиб, World Athletics Label мақомига эга ҳамда World Athletics (Енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси) мусобақалар тақвимига киритилган. 2023 йилда марафон доирасида Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига лицензиялар ўйналган. 2022 йилда эса марафон 28 га яқин дунё мамлакатларини бирлаштирувчи, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг спорт тадбирлари билан биргаликда ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси Марказий Осиё Енгил атлетика ассоциацияси билан ҳамкорликда олтинчи маротаба ушбу спорт тадбирининг ташкилотчиси сифатида қатнашмоқда. Тайёргарликнинг ҳар бир босқичида марафонни юқори миқёсда ўтказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилади — трасса қопламасидан бошлаб, антидопинг назоратини таъминлашгача. Тошкент халқаро марафони трассаси Халқаро марафонлар ва оммавий югуриш мусобақалари ассоциациясининг (AIMS) халқаро сертификатига эга. Тадбир арафасида Тошкентга югуриш марафонини баҳолаш мақсадида халқаро экспертлар етиб келади.
Старт-финиш шаҳарчаси пойтахтнинг энг марказида — Афросиёб ва Бешёғоч (“Humo Arena” спорт мажмуаси майдони) кўчаларининг кесишиш нуқтасида жойлашади. Масофалар маршрути эса марказий кўчалардан ўтиб, бу иштирокчиларга шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш ва янги Тошкентнинг муҳитини ҳис қилиш имкониятини беради.
VI Тошкент халқаро марафонида иштирок этиш учун https://perfend.com/events/sport/tashkent-marathon-6 ҳаволаси орқали Perfend.com платформасида рўйхатдан ўтиш ва танланган масофага мувофиқ ҳолда иштирокчининг старт тўловини амалга ошириш керак бўлади.
Рўйхатдан ўтиш жараёни 2024 йил 1 февралдан 5 апрелгача давом этади. Марафонда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш тўлови — 350 минг сўм, ярим марафонда — 250 минг сўм, 10 км масофага оммавий югуриш мусобақасида — 190 минг сўм, 3 км масофага — 150 минг сўм, “Kids Run” (1км) ва скандинавча юриш (3 км) мусобақаларида — 150 минг сўмни ташкил қилади.
Жорий йилда ташкилотчилар томонидан кумуш, олтин ва платина иштирокчи рақамларини бериш бўйича янги хизмат жорий этилди. Ушбу старт пакети югурувчиларга трассани ўтиш трансляциясини марафоннинг телеграм-боти орқали онлайн режимда томоша қилиш имкониятини беради. Унинг қиймати танланган масофага боғлиқ бўлади — 250 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача.
Иштирокчи пакетига қуйидагилар киради:
• танланган масофага мувофиқ ҳолда кўкрак старт рақами (1 дона);
• 4 та тўғноғич;
• рюкзак;
• тадбир логотипи туширилган футболка;
• тадбир кунида жамоатчилик транспортига 2 та чипта.
Иштирокчининг старт пакетини олиш учун https://perfend.com сайтида рўйхатдан ўтиш ва 2024 йил 17 апрелдан 19 апрелгача, соат 10:00 дан 18:00 гача пакетларни бериш пунктига ташриф буюриш ва рўйхатдан ўтган иштирокчи кодини ва/ёки рақамини кўрсатиш зарур. Иштирокчиларнинг пакетлари Енгил атлетика федерацияси биносида берилади.
2024 йил 5 апрелдан 12 апрелгача марафоннинг сайти ёки телеграм-боти орқали қўшимча тўлов қилган ҳолда иштирокчининг пакетини етказиб бериш хизмати билан онлайн рўйхатдан ўтиш қўшимча хизмати жорий этилган.
Тошкент халқаро марафонида квота бўйича иштирок этувчи жамоалар учун аризалар ташкилий қўмита томонидан фақат белгиланган намунадаги бланкда қабул қилинади. Аризани 2024 йил 1 февралдан 5 апрелгача info@uzmarathon.uz электрон манзилига ёзган ҳолда олиш мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА