Пойтахтимиз бу йил янада гўзаллашади
Ҳар йили ўлкамизга баҳор кириб келиши билан юртимизнинг барча ҳудудларида экиш-тикиш, йўллар ва уй-жойлар ҳамда иншоотларни таъмирлаш ишлари авж олади. Албатта, бу эзгу ишлар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ҳам бошлаб юборилди.
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш Бош бошқармасининг бошқарувчи-маслаҳатчиси Хорун Нормуҳаммадий бу борада қуйидагиларни гапириб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилнинг октябридаги 665-сонли қарорида бу йил Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган асфальтлаш ишлари белгилаб берилган. Унга асосан, жорий йилда ҳар бир туманнинг ободонлаштириш бошқармалари томонидан 217,7 километрга яқин йўллар асфальтланиши ёки таъмирланиши, бунинг учун бюджетдан 48 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги шаҳар марказий кўчаларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига ҳар йил бошида Республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 16,5 млрд сўм маблағ ажратилади. Ушбу маблағга асосан Тошкент шаҳридаги марказий кўчаларни таъмирлаш ишлари бўйича манзилли дастур тасдиқланади ҳамда амалга оширилади. Аммо бу йил марказий кўчалар тафтишдан ўтказилиб, манзилли дастур шакллантирилди ва унга асосан 7,5 километр узунликдаги марказий кўчаларни таъмирлаш (50,4 млрд сўм) режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, марказий кўчаларни жорий таъмирлаш ишлари ҳам дастурга киритилди. Мазкур дастурга асосан жами 71 та марказий кўчада 5,4 км (1,2 млрд сўм) лик асфальтлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида (жами 216 дона сунъий иншоот мавжуд) 29 дона автомобиль йўл ўтказгичлари, 85 дона автомобиль йўл кўприги, 7 дона транспорт тоннели, 42 дона пиёдалар ер ости ўтиш йўли, 42 дона пиёдалар кўприги ва 11 дона пиёдалар ер усти ўтиш йўли бор бўлиб, улардан 9 тасини (205 160 кв.м - 547,6 млрд сўм) буткул таъмирлаш, 7 та пиёдалар ер усти ўтиш йўлларига лифт ва эскалаторлар (7,3 млрд сўм) ўрнатиш, 6 та пиёдалар ер усти ўтиш йўлагидаги лифт ва эскалаторларни (8,2 млрд сўм) алмаштириш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда пойтахтимиздаги барча коллекторларни тафтишдан ўтказдик ва ушбу объектларни таъмирлаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. Унга биноан, 12 та ер ости умумий ўтиш муҳандислик коллекторларида таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилмоқда ҳамда ушбу ишларга, тахминий ҳисоб китобларга кўра, 4,7 млрд сўм пул маблағлари сарфланиши аниқланди.

Маълумки, 2025 йил давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” дея номланди. Шу муносабат билан бошқармамиз томонидан жорий йилда шаҳримизни яшиллаштириш дастури ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, унга биноан, баҳор ойларида 42 минг, куз мавсумида эса 20 минг дона дарахт кўчатлари экиш мулжалланган. Айни пайтга қадар эса 11 минг дона кўчат ўтқазилди. Бундан ташқари, ушбу йилда 15 млн дона манзарали, мавсумий гул кўчатлари экиш ҳам кўзда тутилган.

Ҳозир Тошкент шаҳрида суғориладиган майдонлар 308,7 гектар бўлиб, сунъий суғориш тизимлари эса 1 456 километрни ташкил этади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 30 декабридаги ПФ-46-сонли Фармонига асосан, 12 та туманда 1 тадан, жами 12 та сув чиқариш қудуқлари қазилиши ва сунъий суғориш тизимлари ташкил қилиниши белгиланган.
Мавжуд сунъий суғориш тизимларини мунтазам равишда таъмирлаш ишлари ҳам белгилаб олинган бўлиб, бунда 9 дона насос станцияларини буткул таъмирлашга 670 млн сўм ҳамда 43 минг километр сунъий суғориш тизимларини реконструкция қилишга 3,6 млрд сўм сарфланиши мўлжалланган.

Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги дренаж ва коллекторларни таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрида ёғингарчилик мавсумида сув тўпланиши ва тошишига қарши бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Яшнобод туманида жойлашган Маҳтумқули ва Элбек кўчаларида узунлиги 1 700 метр бўлган янги коллектор қуриш зарурати туғилмоқда. Шу билан бирга, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Жангоҳ коллектори” ва Чилонзор туманида жойлашган “Изза 2 коллектори”да реконструкция ишлари режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри бўйлаб ихтисослаштирилган бошқарма тасарруфидаги 36 дона насос станцияларини қўшимча электр генераторлари билан таъминлаш ишлари кўзда тутилган.
Айни пайтда Тошкент шаҳри фуқароларидан шаҳарда чиқинди ташлаш қутилари етарли даражада эмаслиги бўйича кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли бу борада ҳам Ободонлаштириш бош бошқармаси 2025 йилда бир қатор ишларни режалаштирмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 2 октябридаги 787-сонли қарорида “ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда — ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда эса – ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан чиқинди қутиларини ўрнатиш кераклиги белгиланган.

Тахминий ҳисоб китобларга кўра, шаҳримиз аҳолиси гавжум марказий майдонларига жами 148 дона, жамоат транспорт бекатларига 171 дона, сунъий иншоотлар чиқиш ва тушиш жойларига жами 63 дона, жамоат транспорт кўчаларига 1 362 дона ва марказий кўчаларга 131 дона жами 1 875 дона чиқинди қутиларини ўрнатиш ишлари режалаштирилиб, мазкур ишларни амалга ошириш учун жами 2,3 млрд сўм сарфланади.
Бугунги кунда Ободонлаштириш бошқармалари тизимида жами 1 086 та махсус техника ва механизмлар мавжуд бўлиб, улардан 644 тасининг яроқлилик муддати ўтган.
Шундан келиб чиққан ҳолда ҳамда шаҳримиз озодалигини таъминлаш раҳбарият томонидан берилаётган топшириқларни уюшқоқлик билан ташкил қилиш, қиш мавсумида яхмалакларнинг олдини олиш, куз-баҳор мавсумида тошқинларга қарши курашиш, йиғилган чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, ёз мавсумида дарахтларни қуришдан сақлаш, зараркунандаларга қарши курашиш ва ободонлаштириш бошқармалари ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида жами 287 дона (285,2 млрд сўм) замонавий, махсус техникалар талаб этилмоқда.
Туроб НИЁЗ суҳбатлашди
ЎзА