Пойтахт шифокорлари Сирдарёда
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам касалликни эрта босқичда аниқлаш, уни олдини олишга қаратилган профилактик тиббий кўриклар қатори скрининг текширувлар йўлга қўйилди.
Бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишиш, фикр алмашиш мақсадида Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари Сирдарёга ташриф буюрди. Улар Гулистон тиббиёт кластерида бўлиб, кластернинг ҳамда туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг эндокринолог мутахассислари билан учрашди.


Аҳолининг 40 ва ундан катта ёшдаги қатлами орасида қандли диабетнинг иккинчи тури, диабет олди ҳолатини эрта аниқлашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, унинг тавсияларига асосан скрининг кўрикларни ташкил этиш, унинг ўтказиш тартиби тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, сирдарёлик эндокринологлар ҳамроҳлигида Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси, унга қарашли 3-оилавий поликлиникада бўлиб, иккинчи тур диабет, диабет олди ҳолатини аниқлаш мақсадида скрининг кўрик ўтказилди.

100 дан зиёд аҳоли вакиллари қамраб олинган скрининг кўрик натижаларига қараб, соғлиғида муаммоси бор аҳоли қатламига маслаҳат ва тавсиялар бериш баробарида, соҳа ходимлари олдида турган масалалар, уни амалга ошириш механизмлари тўғрисида тизим ходимларига маълумотлар тақдим қилинди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири