Порлоқ келажакни ёритувчи чироқ
Китобингизни ўқидим
Яқинда таниқли ҳуқуқшунос, бой тажрибага эга юрист, прокуратура, суд ва Адлия вазирлиги фахрийси Эрмуҳаммад Шерматов қаламига мансуб “Ўтмишдан келган адолатли нидолар” номли китоб чоп этилди. Ушбу янги асар Ўзбекистон адлия органларининг ўтмиши, кечаси ва бугунига бағишлангани боис нафақат соҳа вакиллари, балки кенг китобхонлар оммасида катта қизиқиш уйғотиши, шубҳасиз.
Сабаби, унда бир асрдан ортиқ давр қамраб олинган бўлиб, адлия вазирлигининг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, қолаверса, ўзбек давлатчилиги ва ўзбек халқи тарихидаги энг мураккаб воқеа-ҳодисалар билан уйғунликда очиб берилган. Бу муаллифнинг энг катта ютуғи бўлган, десак, муболаға эмас.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тарихи 1924 йилга бориб тақалади. Аниқроғи, 1924 йил 26 ноябрда Инқилобий қўмитанинг қарори билан Туркистон автоном республикаси Адлия халқ комиссарлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Адлия халқ комиссарлиги ташкил этилади. Унинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон таркибига кирган аввалги Бухоро амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонлиги давлатларининг ҳудудида адлия идораларининг фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштиришдан иборат эди.
Бироқ муаллиф ўз тадқиқотларини Адлия халқ комиссарлиги ташкил этилган 1917 йилдан бошлаган. Адлия тизимининг тарихини судлар, ички ишлар идоралари, прокуратура ва бошқа ташкилотлар ривожланиши билан узвий боғлиқ ҳолда очиб беришга ҳаракат қилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки улар турли тарихий даврларда ҳар хил ваколатларга эга бўлсада, ягона мақсад – шахсни, жамиятни ва давлатни ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритган. Давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлиниш тамойили уларнинг ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаб, жумладан, Адлия вазирлигининг адлия тизимининг асосий бўғини сифатидаги вазифа ва ваколатлари аниқ белгилаб бердики, бу умум ривожланишда айни муддао бўлди.
Давлат ижроия ҳокимияти органлари тизимида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг алоҳида ўрни бор. У мамлакатнинг отахон ва энг тажрибали тузилмаларидан бири сифатида ўзининг 100 йиллик тарихи давомида мураккаб, шу билан бирга, таҳликали воқеаларга бой йўлни босиб ўтди. Муаллиф ҳақли равишда эътироф этганидек, ХХ асрнинг энг фожиали воқеалари айни шу даврга тўғри келгани айни ҳақиқат.
Шу маънода, адлия органлари ҳақида ҳикоя қилувчи бу асар вазирлик тарихи билан чегараланиб қолмасдан, балки давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар, айни пайтда, миллий давлатчиликнинг долзарб муаммолари билан танишиш имконини беради. Нега десангиз, адлия органлари фаолиятининг муайян даври расмий, тарихий ва адабий манбаларга асосланган ҳолда, аниқ факт ва далиллар билан очиб берилган. Бу эса унинг ўқишлилигини оширган.
Таъкидлаш керакки, Адлия вазирлиги азалдан ҳар қандай давлатчиликнинг форпости бўлиб келган. Давлат қурилиши доимий жараён бўлиб, жамиятдаги ўзгаришлар билан шартланади. Муайян ижтимоий институтнинг аҳамияти эса ижтимоий муносабатларда кўзга ташланади. Яъни давлат органлари мақсад ва вазифалари ижросида ижтимоий-сиёсий институтлар роли ғоятда катта бўлади. Шу ўринда мантиқий савол туғилади: бугунги кунда Ўзбекистон адлия органлари қандай бўлиши керак? Улар кўпйиллик вазифаларини сақлаб қола оладими, бевосита қонун ижодкорлиги билан боғлиқ бўлган функциялариничи, тўлақонли бажара оладими? Давлат аппарати механизмлари тубдан ислоҳ қилинаётган ҳозирги шароитда бу саволларга жавоб топиш осон эмас.
“Ўтмишдан келган адолатли нидолар” китобида ХХ-ХХI аср бошларига оид ноёб архив материаллари, ҳужжатли, адабий ва бошқа янги манбалар жамлангани унинг илмий аҳамиятини оширган. Муаллиф Туркистон адлия халқ комиссарлари ҳамда Ўзбекистон адлия вазирларининг тақдирини ўрганиш мақсадида турли давлат архивларида ишлаганида, ўзбек юристлари мавзуси унинг диққат-эътиборини тортиб, натижада 1917 йилдан 2022 йилгача шу тизимда хизмат қилган раҳбар ходимлар ҳақидаги қимматли маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Пировардида илк бор яхлит китоб ҳолида кенг жамоатчиликка тақдим қилди.
Китоб икки бобдан иборат бўлиб, биринчисида вазирлик ҳаёти билан боғлиқ энг муҳим воқеалар, вазирлар фаолияти атрофлича ёритилган. Иккинчисида эса ўтган асрнинг фожиали воқеалари қаламга олинган. Миллат ойдинларининг миллий давлатчиликни тузиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги мардонавор ишлари маҳорат билан очиб берилган. Вазирликнинг энг асосий вазифаси ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш ва норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш эканлиги илмий асосланган.
Эътиборлиси, китоб вазирлик ҳамда унинг тизимидаги идоралар раҳбарларининг ҳаётномалари бўлиб қолмаган. Чигал тақдирлар, ибратли воқеалар, қимматли маълумотлар китоб мазмун-мундарижасини янада бойитган. Айтайлик, халқ комиссари Шермат Эрматов ҳақида сўз кетганда, ўтган асрнинг 20-30 йилларида амалга оширилган сиёсий кампаниялар ҳақида тўхталиб, шундай дейилади: “...Ўша йиллардаги жиддий сиёсий воқеалардан бири алифбонинг ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳолда кечди. Маълумки, тилимизда араб алифбоси милодий 750-800 йиллардан бошлаб фойдаланиб келинган. Улуғ алломалар, шоирлар, тарихчилар – буюк аждодларимиз асарларини шу алифбода яратганлар. Халқимизнинг бой мероси, миллий бойлиги, маданияти ушбу алифбо билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланган. 1921-1922 йилларда ўзбек тилининг араб ёзувига асосланган алифбоси ислоҳ қилинади. 1929 йилга келиб эса ана шу алифбодан воз кечилиб, лотин алифбосига ўтилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, халқимизни тарихидан, меросидан узиб қўйиш, саводсизликни юзага келтириш эди. Имлонинг лотинлаштирилиши, кейинчалик кирилл алифбосига ўтилиши коммунистларнинг шу мақсадига хизмат қилди”.
Ёки бўлмаса, Хадича Сулаймонова ҳақида ҳикоя қилинганида тарихимизнинг мураккаб даврида “халқ душмани” бўлганликда айбланиб отилган, суяклари Сибир конларида чиритилган ватандошларимизнинг оқланишидаги буюк хизматлари ўзгача ҳаяжон билан қаламга олинган. Буларнинг бари ўқувчиларнинг адлия ходимларига бўлган ҳурматини оширишга хизмат қилади.
Нашр бой иллюстратив материаллар билан безатилган бўлиб, кенг китобхонлар оммаси – адлия тизими мутахассислари, судлар, прокурорлар, ҳуқуқшунос олимлар, аспирант ва абитуриентлар, ҳуқуқшунослик факультети талабалари, қолаверса, яқин ўтмишимизга бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизни қизиқтира олади. Энг муҳими, соҳага кириб келаётган ёшлар учун ҳаётий йўлланма, қўлланма вазифасини ўтайди. Негаки, унда адлия тизимида меҳнат қилган фидойи раҳбарлар босиб ўтган йўлини кўриш, кузатиш мумкин. Шунингдек, ХХ асрда содир бўлган фожиали воқеалар, адолатсизликлар, турли даражадаги давлат ва жамоат арбобларининг қатағон этилиши, уларнинг пок номларини оқлаш, реабилитация жараёнлари ҳам қамраб олинган.
Назаримда, “Ўтмишдан келган адолатли нидолар” китобидан кўзланган мақсад ҳам адлия тизимининг ривожи ўзбек халқи ва давлатимиз тарихи билан қандай чамбарчас боғлиқлигини кўрсатишдан иборат бўлган. Қувонарлиси, муаллиф бунинг уддасидан чиқа олган. Бунда таниқли олимлар, тарихчи ва ҳуқуқшунослар, айниқса, ўзбек ҳуқуқшунослари бир қанча авлодининг устози, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, юридик фанлар доктори, профессор Ҳалимбой Бобоевнинг илмий маслаҳатлари қўл келгани, шубҳасиз.
Бинобарин, тарих – бу ўтмишдан порлоқ келажак сари ёниб турган чироқдир. Шу маънода, адлия идоралари, жумладан, Адлия вазирлигининг ёрқин келажагини, ривожланиш истиқболларини том маънода кўриш учун, албатта, ушбу китобни диққат билан ўқиб чиқиш керак.
Муаллифга, шунингдек, ушбу китобнинг материалларини тўплаш ва нашр этишда иштирок этган барчага самимий миннатдорчилик билдираман.
Анвар ҲАМРОЕВ,
юридик фанлар доктори, профессор.