Порахўр раҳбар қўлга тушди
Ғиждувон туманида боғча мудираси томонидан содир этилган фирибгарлик жинояти фош этилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Ғиждувон туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг раҳбари, Улуғбек кўчасида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро М.Г ўз хизмат мавқеидан фойдаланганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, фуқаро С.А. ни ўзи раҳбарлик қилиб келаётган мактабгача таълим ташкилотига 3 миллион сўм эвазига ишга қабул қилишини ваъда қилади. Ушбу МТТ ҳамшираси фуқаро Э.М. орқали кимёвий ишлов берилган 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Г. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА