Польша делегацияси Сурхондарёда
Польша давлатининг “Польша-Осиё” Савдо палатаси президенти Януш Пехочински бошчилигидаги делегация Сурхондарёга келди.
Сафарини Ҳаким Ат-Термизий мажмуаси билан танишишдан бошлаган делегацияни Термиз халқаро савдо марказида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов қабул қилди. Кенгайтирилган таркибда ўтказилган учрашувда икки томон масъуллари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда вилоят раҳбари Януш Пехочинскини Сурхондарёга келгани билан қутлаб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, воҳадаги инвестицион имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди. Самимий рухда ўтган мулоқот чоғида таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Польша давлати делегациясининг вилоятга сафари жорий йилнинг 7 майигача давом этади. Меҳмонлар воҳа туманларида бўлиб, амалга оширилаётган замонавий лойиҳалар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини кўздан кечиради.
Ҳудудларда ишга солинмаётган имкониятлар билан танишади.
Учрашувда меҳмонлар Термиз халқаро савдо марказида яратилган шароит ва қулайликлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири